Ўзбекистонда Ислом Каримов хотира ҳафталиги ўтказилади, “Оқсарой”да иш қизғин

Жамият

Биласиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти вафотидан кейин у фаолият юритган “Оқсарой” қароргоҳи давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига айлантирилди. 2017 йилда ушбу мажмуа боғида Ислом Каримов сиймоси акс этган ҳайкал ўрнатилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан ҳар йили Ислом Каримов вафот этган кунда Биринчи Президентни хотирлаш маросимлари ўтказиб келинмоқда.

Айни вақтда пойтахтда жойлашган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида иш қизғин. Тошкент  шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси ходимлари томонидан мажмуада таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Панжара ва ёритгичлар бўялиб, атроф гулларга бурканмоқда. 

Жорий йилнинг 26 август куни мажмуада Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотира ҳафталиги старт олади. Шу куни Марказий Осиёда Тинчлик ва барқарорликни таъминлашда Ислом Каримовнинг тарихий ўрни мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади. Анжуман 29 августга қадар давом этади. 

27 август куни Тошкент фотолар уйида “Ўзбекистон халқаро эътироф йўлида” фотосуратлар кўргазмаси, 28 август куни Олимпия шон-шуҳрати музейида “Биринчи Президент ва спорт” номли фотокўргазма, 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида Биринчи Президент ташаббуси билан ташкил этилган “Иқтидорли ёшларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш “Умид” жамғармаси” стипендиатлари билан учрашув кечаси, 29 август куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтади. 

Шунингдек, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропорти, Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги санъат саройи, Асака шаҳридаги Ислом Каримов номидаги автомобиль ишлаб чиқариш заводида, Москва шаҳрида Ислом Каримов хотирасига ўрнатилган ёдгорлик мажмуасида хотира тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирларда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова иштирок этади. 

Маълумки, Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни оғир хасталик сабаб вафот этган эди. Шу куни анъанага кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат аъзолари, вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ўрнатилган ҳайкал пойига гул қўйиш маросимида иштирок этишлари кутилмоқда.

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов хотира тадбирларида икки йилдирки Каримовлар оиласидан фақат марҳумнинг рафиқаси Татьяна Каримова иштирок этиб келмоқда. Оиланинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳибсда. Куни кеча унга давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан навбатга жиноят иши қўзғатилди. Кенжа қиз – Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева эса оиласи билан Ўзбекистонни тарк этган. У АҚШда истиқомат қилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси

Баҳолаганлар

81

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар