Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган товарлар учун ҳам истеъмол кредити ажратиладиган бўлди

Таҳлил

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган ва чет элдан импорт қилинадиган товарларга истеъмол кредитлари тақдим этишга рухсат берилади. Бу ҳақдаги норма киритилган қонун кеча, 2 март куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

Масалан, эндиликда сиз хорижда ишлаб чиқариладиган автомобиль ёки маиший техника сотиб олмоқчи бўлсангиз Ўзбекистондаги банклардан кредит ололасиз.

Бунгача ушбу турдаги кредит фақат маҳаллий автомобиллар ва маиший техника учун берилар эди. Яъни сезган бўлсангиз, бу имтиёз фақатгина маҳаллий ишлаб чиқариладиган товарларга, масалан, UzAvtoMotors’дан машина сотиб олишда иш берарди.

Бироқ “Истеъмол кредити тўғрисида”ги қонунга, унинг 15-моддасига ўзгартиш киритиш осон кечгани йўқ. Бундан бир ой олдин, январда айнан мана шу қонун сабаб Қонунчилик палатасида депутат Дониёр Ғаниев жанжал кўтарган эди.

У ўшанда мазкур қонунни қабул қилиш ойлаб кечикаётгани, бошқа депутутлар уни қўллаб-қувватламаётганини айтиб, депутатларни UzAvtoMotors’ни қўллаб-қувватлашда айблаганди. 

Бу қонун лойиҳасида икки хил кредит ҳақида гап кетган – молиявий истеъмол кредити, товар истеъмол кредити. Молиявий истеъмол кредитида учта томон бўлади – қарз берувчи кредит ташкилоти, қарз олувчи жисмоний шахс ва реализация қилувчи юридик ёки жисмоний шахс. Бу қонун лойиҳасида учинчи шахс сифатида реализация қилиш имкониятини жисмоний шахсларга ҳам бериш мақсадида қонуннинг молиявий кредит тартибидан “ташкилот” сўзи олиб ташланган.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши эса жуда катта муаммонинг ечилишига олиб келади. 

Масалан, иккиламчи бозорда автомобиль сотиб олиш учун истеъмол кредитини ажратишда жуда ҳам катта муаммо бор. Фуқаролар ҳозирда тўғридан-тўғри жисмоний шахсдан автомобиль сотиб оломаётгани учун ўртада юридик шахсдан яъни бирорта корхонадан фойдаланишга мажбур бўлади. Бу эса автомобиль нархининг устига яна 10% миқдорида қўшимча тўлов тўлашга олиб келади. Бунда агар автомобилнинг ўртача нархи 100 млн бўлса, унинг нархи яна қўшимча 10 млн ошади дегани. Шунинг учун кеча сенаторлар томонидан тасдиқланган қонунга еўра, 15-моддадан “ташкилот” сўзи олиб ташланди ва унинг ўрнига “реализация қилувчилар” жумласи қўшилди. Бу орқали фуқаронинг товар истеъмол кредити олиши учун ўртадаги ўртакашнинг, биронта ташкилотнинг бўлиши шарт эмас.

Бу биргина жумланинг ўзгариши жуда кўпчиликнинг оғирини енгил қилади.

Тушунтиришларга, уринишларга қарамай ўшанда қонунни қабул қилиш кечиктирилиб, 2 ва учинчи ўқиш бошқа кунга қолдирилганди. Тармоқ фаоллари эса ҳатто Истеъмол кредити тўғрисидаги қонунга “етим қонун” деб лақаб ҳам қўйганди.

“Етим қонун”ни қабул қилиш яна кечиктирилди. Қонун лойиҳасини 2-ўқишда кўриш кейинга қолди. Дониёр Ғаниев яна ёлғиз.
Ҳарфхўрлар қонун моҳиятига умуман алоқаси бўлмаган “ёзма ёки электрон” деган иборани ушлаб олди.

Булар ўғри олигарх ва паразит монополистларнинг манфаатларини ифода этиши мумкин, лекин халқнинг хоҳиш-иродасини ифода этмайди”, дея изоҳ қолдирган иқтисодчи ўзининг Telegram саҳифасида.

Шундан сўнг ўтган ой давомида бу Қонунчилик палатасида яна кўриб чиқилди ва юқорида айтиб ўтганимдек, кеча, 2 март куни Сенатда муҳокама қилинди.
Сенатнинг Бюджет, иқтисодий масалалар бўйича қўмитаси раиси Қобилжон Турсунов мазкур қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида маълумот берар экан, 2022 йилда аҳолининг банклардан микроқарз ёки кредит олиши 2021 йилга қараганда 2 баробарга ошганини айтиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, “Истеъмол кредити тўғрисидаги” қонунга ўзгартириш киритиш маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда соғлом рақобат муҳитини яратади.

“Биринчидан, протекционизмдан воз кечиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга соғлом рақобат муҳитини яратиш натижасида истеъмолчилар учун сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни, ҳамда сифатли  сервис ва хизматлар кўрсатилишини таъминлайди;

Иееинчидан, глобал бозорларда ўсаётган рақобат шароитларида, мамлакат ишлаб чиқарувчиларини  эркин бозор тамойиллари асосида фаолият юритишга муносиб замин яратишига, инновацион ривожланиш моделига ўтишини тезлаштиришга шунингдек, қўшимча қиймат яратилишида янги ғоялар ва технологияларни татбиқ этишига, пировардида эса жаҳон бозорларига чиқиб рақобат юритишига  муносиб хизмат қилади;

Учинчидан, аҳоли истеъмоли учун арзон ва сифатли товар ишлаб чиқарилиши ҳамда сервис ва хизматлар кўрсатилиши ўз навбатида аҳолининг молиявий ресурсларини тежалишига олиб келади ва бунинг натижасида иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида талабни вужудга келтиради, натижада иқтисодиёт учун қўшимча инвестиция муҳити яратилишига олиб келади”, дея Сенаторлардан қонунни қўллаб-қувватлаган ҳолда маъқуллаб овоз беришини сўраган Турсунов. 

Депутатлардан фарқли равишда сенаторлар бу масала ҳақиқатдан ҳам халқни қийнаб келаётганини айтиб, шунга доир муаммолар ўз бошига ҳам тушганини тан олди.

Ҳа, биргина қонуннинг биргина моддасини ўзгартириш, Ўзбееистондаги кўплаб муаммоларни бартараф этади. Кредит эвазига чет элдан тиббиёт анжомлари, тадбиркорлик ускуналари, таълим учун керакли буюмлар, маиший техникаларни харид қилиш имкони яралмоқда.

Қонун ўша куннинг ўзида Сенатда маъқулланди. Энди Президент Мирзиёев тасдиғидан ўтса кифоя.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг