Ўзбекистонда инфляция 7 йил ичида илк марта 9 фоиздан пасайди
Жамият
−
01 Август 2023
3640Ўзбекистоннинг йиллик инфляцион ҳолати июль ойи якунларига кўра, 8,9 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу 7 йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир. Ўзбекистонда инфляциянинг 9 фоиздан пастроққа тушиши бундан 6 йил-у 11 ой аввал 2016 йилнинг августида кузатилган эди.
Агентликка кўра, июль ойининг ўзида 0,2 фоизлик дефляция (нархлар тушиши) кузатилган. Июнь ойида ҳам нархлар 0,3 фоизга тушганди. Ўзбекистонда ёзги пишиқчилик сабаб кетма-кет иккинчи ой дефляциянинг юз бериши, инфляцияга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Мисол учун ўтган ой озиқ-овқат маҳсулотлари 0,9 фоизга арзонлаб, бу нархларнинг тушиши (дефляция) кузатилишида асосий омил бўлган. Аммо ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,3 фоизга, хизматлар эса 0,5 фоизга қимматлаган.
Аслида нархларнинг тушиши мамлакатда июнь ва июль ойларида кузатиладиган одатий жараёнлардан бири ҳисобланади. Шундай бўлса-да муҳим озиқлардан гуруч (+1.7%), мол гўшти (+0.7%), қўй гўшти (+0.5%) қимматлашишда давом этмоқда. Яна бошқа гуруҳларда тамаки (+1.0%), стационар даволаниш (+1,0%), йўловчи ташиш (+0,9%), ресторан ва меҳмонхоналар (+0,6%) нархлари сезиларли даражада ошган.
Маълумот учун, инфляция мамлакатдаги товар ва хизматлар баҳоси умумий даражасининг ошиши (ўсиши) англатиб, унинг пасайиши дефляция – нархларнинг тушишига олиб келади. Нархларнинг тушиши натижасида эса мамлакат пул бирлиги (миллий валюта) харид қобилиятининг кўтарилиши рўй беради. Бу эса ўз навбатида, давлат пул бирлигининг қадри ошишига олиб келади.
Ўзбекистонда 2023 йилда инфляция даражаси 9,5 фоизгача пасайиши кутилаётгани маълум қилинган эди.
LiveБарчаси