Ўзбекистонда илк бор 90 ёшли бемор юрагида мураккаб операция ўтказилди

Жамият 4093
image
-

Ўзбекистонда илк бор 90 ёшли беморда мураккаб кардиохирургик амалиёт муваффақиятли ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, одатда, шифокорлар кекса ёшли инсонлар танасига тиғ теккизишнинг ўзи жуда нозик жараён эканлигини айтишади. Юрак соҳасидаги жарроҳлик амалиётлари эса ўта мураккаб ва анчайин хавфли. Шу боис, ҳатто мазкур соҳада пешқадам бўлган Япония ва Германия давлатларида ҳам бундай операциялар камдан-кам ўтказилади. 

Вазирлик маълумотига кўра, операцияни Россиянинг А. Н. Бакулев номидаги юрак-қон-томир жарроҳлиги марказида ишлаб келган ва 2017 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифи асосида мамлакатга қайтган малакали кардиохирург, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ёрбеков ўтказган. 

Бемор Ёқуб Маҳмудов, 90 ёшда. Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан. Кўп йиллардан бери гипертония ва юрак ишемик касалликларидан азият чекади. Қон босими 190 гача кўтарилиб кетиши кузатилган. Инфарктни бошдан ўтказган. 

Бунинг устига, шу йилнинг март ойида коронавирусга чалиниб, муолажа олган. Аммо кўп ўтмай юрак соҳасида оғриқлар янада зўрайиб, аҳволи ёмонлашгач, Рустам Ёрбеков ва унинг жамоасига мурожаат қилган.

“Биз, кардиохирурглар бу ёшдаги беморда жарроҳлик амалиёти ўтказишни қумдан иморат тиклашга ўхшатамиз. Негаки, юрак  операцияси чоғида фавқулодда буйрак, жигар, мия ва бошқа аъзолар хуруж қилиб қолиши мумкин. Шу сабабли Ўзбекистонда яқин йилларгача бундай ҳолатдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Энди эса нафақат пойтахт, балки қатор вилоятлар марказларида ҳам шундай мураккаб операцияларни ўтказяпмиз”, дейди профессор.

Рустам Ёрбековнинг жайдари қилиб айтишича, операциянинг мураккаблиги, аввало, беморнинг кекса ёшдалиги, қолаверса, инфаркт ўтказгани ҳамда юрак ишемик касаллиги туфайли томирларида зарарланиш кучайгани, боз устига, юрак катталашиб, қисқаришлар миқдори пасайиб кетган.

“Сўнгги пайтларда кунига икки марталаб “Тез ёрдам” чақиришимизга ҳам тўғри келганди. Юрагимни кучли санчиқ безовта қила бошлагач, ўғлим шу ерга олиб келди. Мана, кўриб турганингиздек тетикман, кайфиятим ҳам  аъло. Операциянинг эртаси куниёқ ҳолатим яхшиланди. Рустамжон Ёрбеков ва унинг жасоратли жамоасидан жуда-жуда миннатдорман”, дейди Ёқуб Маҳмудов

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 141
Рейтинг: 3.1
t
×