Ўзбекистонда иккита аэропорт туман сабаб фаолиятини тўхтатди

Жамият 5195
image

Бугун, 29 декабрь куни Наманган ва Андижон аэропортларини қалин туман қоплагани сабаб самолётлар парвозларни амалга оширолмади. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, кучли туман туфайли кўриш масофаси 50 метргача пасайган. Натижада “Урал” авиакомпаниясининг Қозондан парвоз қилган SVR2161 рейси соат 08:48 да Наманганга қўна олмай, Тошкентдаги захира аэродромига йўналтирилган.

Яна бир - HY9620 рейси ҳам ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Наманганга қўна олмаган ва Фарғонадаги захира аэродромга жўнаб кетган.

Андижон аэропортида ҳам худди шундай ҳолат кузатилган. “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Москвадан учган HY-622/621 рейси соат 10:45 да белгиланган аэропортга қўна олмай, Фарғонадаги захира аэродромга жўнатилган.

“Метеорология хизмати прогнозларига кўра, ушбу аэропортлар об-ҳаво шароити туфайли тахминан соат 14:00 гача ёпилади. Режалаштирилган барча рейслар энг яқин захира аэродромларга йўналтирилади”, дейилади компания хабарида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 171
Рейтинг: 3.1
t
×