Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар ва психотроп тайёрлашда қўлланиладиган моддаларга бўлган чекловлар олиб ташланмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддаларни ерализация қилишга рухсат берилиши кутилмоқда. Олий Мажлис Сенатининг бугун, 28 май куни бўлиб ўтган 26-ялпи мажлисида шу мазмундаги “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди. 

Мазкур Қонун хусусий саноат корхоналарининг таклифлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг моҳияти асосий ишлаб чиқаришида ёндош маҳсулот сифатида прекурсор ҳосил бўлаётган хусусий корхоналарга муомалада бўлиши чекланган прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш фаолиятини лицензияга асосан амалга ошириш учун шароит яратишдан иборат.

Прекурсорлар давлат томонидан назоратга олинган, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар ҳисобланади. Шунинг учун ушбу моддаларнинг муомаласини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш муҳим аҳамиятга эга.

Ялпи мажлисда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида жойлашган “Ғаллаорол калий фосфат” МЧЖ фаолияти тўғрисида тўхталиб ўтилди. Корхонада калий сульфатни “мангейм” усулида ишлаб чиқариш жараёнида ёндош маҳсулот сифатида йилига 24 минг тонна хлорид кислотаси ҳосил бўлмоқда.

Ушбу хлорид кислотасининг 20-30 фоизи ички бозорда реализация қилинади, афсуски қолган қисми омборхонада чиқиндига айланмоқда. Ўз ўрнида хлорид кислотаси хавфли суюқликлар турига киритилганлиги учун уни қисқа муддатларда реализация қилиш талаб этилади. Амалдаги тартиб эса тадбиркорларни бундай имкониятдан чекламоқда.

Таҳлилларга кўра мавжуд қувватларда хлорид кислотасининг 70 фоизи экспортга йўналтирилса, бир йилда ўртача 2,7 млн доллар миқдорида қўшимча маблағ олишга эришилади.

Шунингдек, ушбу йўналишда хорижий сармоядорлар иштирокида истиқболли лойиҳалар ишга тушиши билан 266 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқарилиб, уни кейинчалик қайта ишлаш орқали юқори қўшимча қийматга эга 40 минг тонна текстил саноати учун бўёқ – антрахинон, 21 минг тонна тоғ-кон саноати учун синиль кислотаси, 51 минг тонна ацетилен ишлаб чиқарилишига эришилади.

Қонунга киритилаётган янгиликлар орқали прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш бўйича лицензияга эга бўлган юридик шахсларни (давлат ва хусусий корхоналар), шунингдек прекурсорларни сақлаш, ташиш, сотиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқишга бўлган талабларни белгиланган тартибда тегишли давлат органлари томонидан тизимли назоратга олиш имкони яратилади.

Қайд этилишича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакат кимё саноатининг тадбиркорлар ва сармоядорлар учун жалб этувчанлиги ортишига, соҳада тизимли назорат механизмлари жорий этилишига, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ҳамда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

135

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг