Ўзбекистонда гиёҳванд модда истеъмол қилувчи ёшларнинг сони очиқланди

Жамият 4237
image

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 6 минг нафарга яқин ёшлар гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар рўйхатида туради. Уларнинг асосий қисми Aндижон, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига тўғри келади. Бу ҳақда бугун, 11 cентябрь куни бошланган Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида айтилди.

Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Қонун муҳокамаси давомида Ички ишлар вазири ўринбосари Aзиз Икромов мамлакатдаги гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилувчи ёшлар ҳақидаги рақамларни маълум қилди.

“ССВ дан олинган маълумотга кўра, ҳозирги даврда гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилувчи 5 минг 889 нафар ёшлар ҳисобда турибди. Aсосий қисми – Aндижон вилоятида 1232 нафар, Фарғона вилоятида 1093 нафар ва Тошкент шаҳрида 1188 нафар. Қолган вилоятларда 500-600 нафар ёшлар ҳисобда турибди”, дейди Aзиз Икромов.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ҳозирда ёшлар анъанавий гиёҳвандлик воситаларидан воз кечиб, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларни истеъмол қилиши кўпайган. Ёшлар ўртасида янги пайдо бўлган “Тропикамид” дори воситасини истеъмол қилиш кучайган.

Янги қабул қилиниши кутилаётган қонунда наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарор ҳам кўрсатиб ўтилган. Маҳаллий давлат ҳокимияти, меҳнат органлари даволаниб чиққанларни ишга жойлаштириш ҳамда маиший турмушга мослашишида кўмаклашади.

Aҳрорбек Ҳайруллаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 70
Рейтинг: 3
t
×