Ўзбекистонда эркаклар ҳам “декрет” га чиқолади
Бу қизиқ
−
24 Октябрь 2022
42474Аввало кўпчилигимизнинг ҳаёлимизга “декрет таътили” деганда аёлларнинг боласи парвариши учун оладиган таътили келади. Кўпчилик қўллайдиган “декрет таътили” ёки “декрет” аслида норасмий оғзаки ифода эканлигини билмаса керак. Бунда одатда иккита давр: ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ҳамда бола уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар назарда тутилади. Норасмий манбаларга кўра, “декрет таътили” собиқ Иттифоқ даврида Халқ комиссарлари кенгашининг ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тўғрисидаги декрети қабул қилинганидан кейин бу сўз одамлар тилига кўчган. Бироқ расмий ҳужжатларда албатта “қонуний” вариантлардан фойдаланган маъқул.
Назарий жиҳатга келсак. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддасига мувофиқ, болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин.
Баъзан фарзанд дунёга келтирган аёл ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан сўнг, баъзи бир сабабларга кўра болани парваришлаш учун таътилга чиқиш имконига эга бўлмаслиги мумкин. Бу ҳолда қонунчилик боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошларига бундай таътиллардан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
Меҳнат кодекси 234-моддасида таъкидланган “бошқа қариндошлари” деганда биз, Оила кодексининг 57-моддасида назарда тутилган, бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар эканлигини билиб олишимиз мумкин. Тўғри, шажарадаги қариндошлар – болалар, ота-она, неваралар, бобоси, бувиси, эваралар, катта бобоси, катта бувиси ва ҳ.к.
Ён шажара бўйича қариндошлар – ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва ҳ.к.
Масалан, оила аъзолари ёш она фарзанд дунёга келтиргандан кейин ишга чиқиши, болани эса отаси парваришлашига қарор қилдилар. Бунинг учун у иш жойида болани парваришлаш учун таътил беришларини сўраб ариза ёзиши керак. Иш берувчи бундай илтимосни қаноатлантиришдан бош тортишга ҳақли эмас, чунки бу маъмурий жавобгарликка олиб келади. Ариза эркин шаклда ёзилади ва қуйидаги мазмунда бўлиши мумкин: “Болани, фарзандимни (унинг Ф.И.О. ва туғилган санасини кўрсатиб) у икки ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун таътил беришингизни сўрайман”.
Ўзбекистон қонунчилигида “декрет”ни расмийлаштириш учун аризага илова қилинадиган ҳужжатлар берилмаган. Бироқ, қуйида берилган ҳужжатларни илова қилингани мақсадга мувофиқ бўлади.
1. Парваришга муҳтож бўлган боланинг туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
2. Ариза берувчи боланинг ота-онасидан бири билан қариндошлик алоқасини тасдиқловчи ҳужжат. Биз кўриб чиқаётган вазиятда – бу ариза берувчининг (яъни отасининг) шахсини тасдиқловчи ҳужжати;
3. Боланинг отаси ва онасига болани парваришлаш таътили берилмаётганлиги ҳақида уларнинг иш жойидан маълумотномалар.
Кадрлар бўлими ходими ушбу ҳужжатларнинг асл нусхалари билан танишиб чиқиб, улардан нусха олиб, уларни ходимнинг шахсий йиғмажилдига тикиб қўяди. Шундан кейин болани парваришлаш учун таътил бериш тўғрисида буйруқ чиқариш зарур.
Самандар Ҳаққиев
LiveБарчаси