Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқариш бошланди (видео)

Жамият

Ўзбекистонда замонавий технологиялар асосида учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Мудофаа саноати давлат қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, қўмита тасарруфида Учувчисиз авиация мажмуаларини илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди.

Мазкур Марказ томонидан халқаро техник талаб ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган “Лочин” номли учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Таъкидланишича, икки ҳил мақсадда фойдаланишга мўлжалланган мазкур миллий лойиҳа Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда ўзлаштирилди ва йўлга қўйилди.

“Марказ учувчисиз авиация мажмуаларини ишлаб чиқариш, йиғиш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш учун зарур йиғув жамланмалари, технологик ва махсус ускуналар, текшириш (тест лаборатория) мосламалари каби технологик жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Мудофаа саноати давлат қўмитаси томонидан Марказни ёш кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, етакчи хорижий давлатларда стажировкасини ташкил этиш ва малакасини ошириш йўли орқали учувчисиз авиация соҳасидаги мутахассис кадрлар билан бутлаш амалга оширилмоқда”, дейилади қўмита хабарида.

Қайд этилишича, миллий бренд остида ишлаб чиқилган самолёт ва квадрокоптер туридаги “Лочин” учувчисиз учиш аппарати бир қанча мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, разведка қилиш, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажариш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги, нефть ва газ, ўрмон хўжалиги, темир йўллар, геология, қидирув соҳаларида картография, топогеодезия, экинларни дефолиация қилиш, қўриқхоналарни, йўлларни, ижтимоий инфратузилма ҳамда муҳим объектларни кузатиб бориш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш имкониятини беради.


Мақола муаллифи

Теглар

дрон

Баҳолаганлар

783

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг