Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги тест орқали текширилади
Жамият
−
26 Ноябрь 2020
6384Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 январидан давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва унинг даражасини махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва унинг даражасини махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда баҳолаб бориш тўғрисидаги таклифни киритмоқда.
Ҳукумат қарори билан Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланади.
Унга кўра:
• давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ўқитиш ишларини ташкил этади;
• давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимидаги “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” – махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;
• Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш натижалари мониторинг қилинади.
Қарор қабул қилинса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда тест саволларини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига тақдим этиши керак.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг – IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О. Умаров ҳамда адлия вазири Р. Давлетов зиммасига юкланади.
LiveБарчаси