Ўзбекистонда букмекерлик тўғрисида қонун ишлаб чиқилади
Жамият
−
14 Сентябрь 2021
6937Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солиш мақсадида Қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилди.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам онлайн қимор, айниқса, ёшлар орасида спортга пул тикиш (беттинг) оммалашиб бормоқда. Бунинг оқибатида оилавий низолар, турли хил кўнгилсиз ҳодисалар юзага келмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, букмекерлик соҳасидаги муносабатлар қонун билан тартибга солинмаганлиги жамиятда бу борада юзага келаётган муаммонинг асосий сабабларидан биридир”, дейди депутат.
Ғаниев гарчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги ПФ-5887-сонли Фармони билан 2021 йил 1 январдан бошлаб мамлакатда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш назарда тутилиб, ушбу фаолият учун лицензиялар Молия вазирлиги томонидан берилиши белгиланган бўлса-да, лекин амалиётда букмекерлик фаолиятини ташкил этиш ҳамда лицензиялаш бўйича аниқ механизм Ҳукумат томонидан халигача ишлаб чиқилмаганига эътибор қаратган.
Шунингдек, фармонда масъул вазирлик ва идораларга 2020 йил 1 июнга қадар букмекерлик фаолияти бўйича Жиноят кодекси (ЖК) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖтК) тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар киритиш топширилганига қарамай, бу топшириқ ижроси бажарилмай қолгани эслатилган.
“Демак, амалдаги қонунлармизга кўра, ҳозирда Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (жумладан, букмекерлик фаолияти) ташкил этиш МЖтКнинг 191-моддаси ва ЖКнинг 278-моддасига асосан маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солиш мақсадида Қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда”, дейди Ғаниев.
Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонунларига, хусусан, Фуқаролик кодекси, ЖК, МЖтК, Солиқ кодекси ва бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари, лицензия бериш тартиб-таомиллари, букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар, букмекерлик соҳаси устидан давлат назорати, қимор ва гаров ўйинларида иштирок этувчи жисмоний шахслар учун қўйиладиган талаблар, шунингдек, вояга етмаган шахсларни қимор ва гаров ўйинлари (беттинг)дан ҳимоя қилиш масалалари ҳамда букмекерлик фаолияти қоидаларини бузганлик, келишилган ўйинлар ўтказиш ва уларда қатнашиш учун жавобгарликни белгилашга оид нормаларни акс эттириш мақсад қилинган.
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Либерал-демократик партияси йиғилишида ҳам муҳокама қилинган.
“Муҳокамада фракциядан масъул депутат сифатида, қонун лойиҳасида фақатгина мамлакатда рўйхатдан ўтган юридик шахслар томонидан Республика ҳудудида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ҳамда букмекерлик хизматини кўрсатувчи барча норезидент компанияларига Ўзбекистон банк тизимидан тўловлар амалга оширилишини тақиқлаш, шунингдек, букмекерлик фаолияти рекламаси ва тарғиботига рухсат бермаслик, жисмоний шахсларга қимор ўйинларида ўйнаши рухсат этиладиган пул миқдорларининг максимум чегарасини белгилаш каби нормаларни ҳам акс эттириш таклифини илгари сурдим”, деган депутат.
LiveБарчаси