Ўзбекистонда Британия билан ҳамкорликда халқаро университет ташкил этилди
Жамият
−
09 Май 2022
7078Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети (Royal Agriculture University) билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилди. Жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Президентининг “Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Университет Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети томонидан таъсис этиладиган тўлиқ академик ва молиявий мустақил бўлган давлат иштирокидаги олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Университетда таълим грант ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
2022/2023 ўқув йилидан Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида қуйидаги бакалавриат таълим йўналишлари ташкил этилади:
• Ақлли қишлоқ хўжалиги (Smart Agriculture);
• Агрономия;
• Биотехнология;
• Агроиқтисодиёт;
• Чорвачиликни ривожлантириш;
• Озиқ-овқат хавфсизлиги;
• Агрологистика.
Университет битирувчиларига ҳамкор университетнинг дипломи берилади.
Қарорга кўра, Университетда давлат муассасаси шаклидаги Қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази (Capacity Building Center) ташкил этилди.
Шунингдек, 2022 йил якунигача талабалар, магистрант ва илмий изланувчилар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг илмий ишланмалари асосида стартап-лойиҳаларни яратиш ва амалиётга татбиқ этиш билан шуғулланувчи давлат муассасаси шаклидаги “Agro Innovation Incubator” маркази ташкил этилади.
LiveБарчаси