Ўзбекистонда божхона кузатувида сунъий интеллектдан фойдаланилади
Жамият
−
24 Февраль
1907Ўзбекистонда божхона кузатувида сунъий интеллектни қўллаш учун Жаҳон банки мутахассислари кўмагида “хавф тизими” такомиллаштирилади. Бу ҳақда бугун, 24 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган божхона фаолиятини такомиллаштириш ва рақамлаштиришга оид тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, минтақавий ва халқаро иқтисодий алоқаларни яхшилаш мақсадида бу соҳада кўп ишлар қилинган. Ўнга яқин давлатлар билан олдиндан ахборот алмашинуви йўлга қўйилган, божхона расмийлаштируви ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари ташкил этилган. 4 та йирик божхона постида терминаллар қурилган, 20 дан зиёди янги ускуналар билан таъминланган. Тадбиркорлар учун 35 та ахборот тизими жорий қилиниб, экспорт жараёнлари 9 босқичдан 3 босқичга тушган.
Буларнинг натижасида чегара орқали транспортлар ҳаракати 8 баробар кўпайиб, қарийб 5 миллионтага етган. Бюджетга тушумлар 9 баробар ўсиб, ўтган йили 63 триллион сўмдан ошди. Юкларни расмийлаштириш вақти импортда 3 соат, экспортда 20 дақиқагача қисқарган.
“Умуман, тизим соддалаштирилиши орқали 6 мингга яқин экспортёр ҳамда 20 мингга яқин импортёрнинг сарф-харажати ва вақти тежалган. Халқаро логистика рейтингида божхона кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 140-ўриндан 74-ўринга кўтарилган. Лекин ҳали рақамлаштириш, жараённи тезлаштириш ва қулайлаштириш бўйича вазифалар кўп. Тақдимотда шу борадаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, сўнгги йилларда божхона ҳудудида қайта ишлаш турлари кенгайтирилгани самарасида бу тарзда экспорт қилинган товарлар улуши ўтган йили 1 миллиард доллардан ошган. Бу тизимни янада соддалаштириб, шу йилнинг ўзида экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш мумкин. Қўшни давлатлар билан савдо ва туризм алоқалари кенгайиб бораётгани туфайли чегарадаги йўловчилар ва автотранспорт оқими камида 2 карра ошиши кутилмоқда. Бу қўшимча инфратузилма яратиб, постларда ўтказувчанликни оширишни талаб қилади.
Жумладан, халқаро қатновларни кўпайтириш мақсадида автобусларда ҳам, авиарейслардагидек йўловчилар ҳақидаги маълумотларни олдиндан олиш тизими кўзда тутилмоқда. Натижада автобуслар чегарадан соддалашган тартибда ўтказилиб, расмийлаштириш вақти 2 баробар қисқаради. Шунингдек, энг йирик божхона постларида енгил автомобиль ва автобуслар учун қизил ва яшил йўлаклар жорий қилиш таклиф этилмоқда.
Божхона кузатувида сунъий интеллектни кенг қўллаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда Жаҳон банки мутахассислари кўмагида “хавф тизими” такомиллаштирилади. Бу тизим молиявий барқарорлик, савдо тарихи каби 122 та мезон бўйича тадбиркорларнинг ишончлилик даражасини баҳолайди. Шунингдек, рентген тасвирлари сунъий интеллект асосида таҳлил қилиниб, хавфли товарлар автоматик аниқланади.
“Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, соҳада халқимиз учун енгилликлар яратиш, тадбиркорлар ва туристларга тезкор хизмат кўрсатиш зарурлигини таъкидлади. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида бунга божхона қонунчилигини тўлиқ мувофиқлаштириш вазифаси қўйилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, божхона институти салоҳиятини ошириш, сунъий интеллект, рақамли технологиялар, таҳлика-таҳлил бўйича малакали кадрлар тайёрлаш, дуал таълимни кенгайтириб, амалиётни яхшилаш муҳимлиги қайд этилган.
LiveБарчаси