Нидерландиялик экспертлар Сардоба бўйича тадқиқотлари Ўзбекистонда нотўғри талқин қилинганини айтмоқда

Жамият

image

Аввалроқ, Сардоба сув омборининг фалокатини нидерландиялик мутахассислар тадқиқ қилгани ҳақида хабар берган эдик. Кеча, 21 май куни айни Делтарес экспертлари Санжай Гири ва Геннадий Дончиц BBC Ўзбек нашрига берган интервьюда Ўзбекистонда уларни нотўғри талқин қилишганидан афсусда эканликларини айтиб ўтишди.

Қайд этилишича, Нидерландиянинг Делтарес номли мустақил тадқиқот маркази экспертлари Сардоба сув омборининг ўпирилиши борасида интернетда мавжуд маълумотлар, ҳамда ҳатто ортга қайтиб тасвирларни кўрса бўладиган сателлит суратлари асосида ҳисобот тайёрлаганлар, аммо Би-би-сига айтишларича, уларнинг ҳисоботи Ўзбекистон матбуотида нотўғри талқин қилинган. Ҳисобот муаллифларидан бири бу борада Ўзбекистон расмий доираларига боғланиб ўз норозилигини изҳор қилганини айтди.

Ўзбекистон ҳукуматига тегишли “Дунё” хабар агентлиги 17 майда ўзининг рус тилидаги саҳифасида Нидерландияда жойлашган экспертлар Сардоба сув омборидаги тўғоннинг ўпирилиши бўйича чиқарган таҳлил ҳақида хабарни чоп этди ва “докладнинг муаллифларига кўра, ўпирилиш кўп ёққан ёмғир, шамол тўлқини ёки қувурларнинг ички емирилиши туфайли содир бўлган бўлиши мумкин” деб ёзди.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, айни ҳисоботдаги бошқа фикрлар, хусусан, тўғон лойиҳалаштириш ва қурилишдаги инсоний хатолар туфайли ҳам ўпирилган бўлиши мумкин деган хулосалар бу расмий хабардан тушириб қолдирилганини кўриш мумкин.

“Ҳисоботимиздан бундай спекуляция юзага келганидан афсусдаман. Бу каби ҳисоботлардан яна бир мақсад — ана шундай ҳоллар юзага келганда, қандай йўл тутиш кераклигини ўрганиш. Ҳатто тижорий компаниялар ҳам офат юз берганда бажонидил реал вақтдаги сателлит тасвирларни улашишга тайёрлар, шундай экан улардан фойдаланса бўлади. Ундан ташқари, ҳодисанинг каттароқ таъсирини ўрганишни истадик — очиқ маълумотлар ёрдамида дунёнинг ҳар бурчагидаги тўғонга қараб, агар у ўпирилса, қанча ҳудудга хавф туғдиришини аниқлаш мумкин. Ҳозирча бу каби таҳлиллар ҳамма давлатда ҳам, ё ҳар бир сув омбори бўйича ҳам қилинмаяпти“, дейди Геннадий Дончиц.

Шуни ҳам қайд этиш керак, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Комилжон Арипов Сардоба фожиаси бўйича аҳолини хабардор қилиш тизими нима учун ишламагани ҳақида гапира туриб, бу каби тизим жуда қиммат туришини айтганди. Аммо экспертларнинг ББC-ъга айтишларича, бу тизим қиммат эмас, Ўзбекистондаги сув омборларидаги тизим эса ҳали ҳам эски усулда ишлаяпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Сардоба Сув омбори Нидерландиялик мутахассислар

Баҳолаганлар

544

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар