Ўзбекистонда айрим тоифа тадбиркорлар қатор солиқлардан озод қилиниши мумкин
Жамият
−
04 Май 2021
11029Жорий йилнинг 3 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўрилди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг мақсади тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, айниқса, коронавирус пандемияси ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ва аҳоли даромадаларини оширишдан иборат бўлиб, унда ЎзЛиДеП электорати бўлган тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзлар берилиши назарда тутилмоқда.
Лойиҳа билан Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, 2024 йил 1 январга қадар давлатимиз раҳбари томонидан белгиланадиган, Қорақалпоғистон Республикаси ҳар бир шаҳар ва туманларининг ўзига хос “ўсиш нуқтаси” деб аниқланган фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил этиладиган ҳамда Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида жойлашган янгидан ташкил этиладиган саноат йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари бир қатор солиқлардан озод қилинади. Қолаверса, мазкур тоифадаги солиқ тўловчилар фойда солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар бўйича белгиланган солиқ ставкасини 50 фоизи миқдорида амалга оширади.
Солиқ кодексининг 483-моддасига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, жорий йил якунигача бўлган давр учун туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи субъектлар, фойда солиғи ставкалари белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтириб ҳисобланган ҳолда тўлайди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида пандемия даврида иқтисодий қийинчиликларга дуч келган соҳалардан бири бўлган туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик имтиёзлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида белгиланадиган давлат дастурларида иштирок этаётган фуқароларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар берилади.
LiveБарчаси