Ўзбекистонда аёлларнинг кўп фоизи ўзини оилавий зўравонликка учраётганини айтмоқда – тадқиқот
Жамият
−
30 Март 2023
4029Ўзбекистонда 183 нафар сўров ўтказилган аёлнинг ҳар учинчиси турмуш ўртоғи томонидан ўзига нисбатан зўравонлик содир этилган деб билади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Оила ва хотин-қизлар" илмий-тадқиқот институти ахборот хизмати раҳбари Манижа Баҳриева маълум қилди.
Қайд этилишича, “Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини олдини олишда комплекс тизимли ёндашувни такомиллаштириш ҳамда реабилитация ишлари самарадорлигини ошириш” мавзусида тадқиқот ўтказилган. Мазкур тадқиқот 2022 йилнинг декабрь 2023 йилнинг январь ойларида республиканинг 7 ҳудудий бирлиги: Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Андижон, Навоий, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятларида тазйиқ ва зўравонликка дуч келган 183 нафар хотин-қизлар орасида ўтказилган.
Тадқиқот иши доирасида 2022 йил давомида содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари таҳлил қилиниб, жабрланганлар ва соҳа мутахассислари ўртасида социологик сўровлар ўтказилган. Шунингдек, соҳага масъул бўлган ташкилот ва идоралар фаолияти ва Япония, Сингапур, Швейцария, Австралия, Канада, Аргентина каби хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган.
Ўтказилган сўров натижаларига кўра:
• 53 фоиз респондент ҳасад қилиш, шахсий ҳаётга аралашиш, рашк қилишни тазйиқ ва зўравонлик деб ҳисоблайди;
• ҳар учинчи респондент (33,3 фоиз) менга нисбатан турмуш ўртоғим зўравонлик содир этган, деган фикрни билдирган, 26,2 фоизи эса қайнонаси зўравонлик содир қилишини маълум қилган;
• ҳар тўртинчи (26,7 фоиз) респондент уларга Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази томонидан психологик ёрдам кўрсатилганини таъкидлаган;
• ҳар бешинчи (21,6 фоиз) сўров иштирокчиси агарда унга нисбатан зўравонлик ҳолати содир этилса, дастлаб маҳалла ходимларига мурожаат қилишини маълум қилган;
• респондентларнинг аксарият қисми (42,5 фоиз) тазйиқ ва зўравонлик бўйича керакли жойга мурожаат қилгандан кейин турмуш ўртоғининг муносабати ижобий томонга ўзгарганини қайд этган;
• ҳар учинчи (31 фоиз) респондент профилактик оилавий суҳбатлар ташкил қилиш орқали оилавий зўравонликни олдини олишнинг энг самарали чораси деб ҳисоблайди;
• ҳар тўртинчи иштирокчи (26,2 фоиз) эса таълим муассасаларида махсус ўқув дастурлари ишлаб чиқиш ва таълимга жорий қилиш мақсадга мувофиқ деган жавобни билдирган.
LiveБарчаси