Ўзбекистонда антидемпинг сиёсати ишлаб чиқилади
Жамият
−
15:45 646 1 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йилнинг ноябрь ойигача антидемпинг сиёсати ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Президент жорий йилнинг 27 август куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Унга кўра, антидемпинг чораларини қўллашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қонун ва Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Лойиҳада сифатсиз ва демпинг нархдаги импорт маҳсулотларга нисбатан антидемпинг чораларини қўллаш ҳамда божхона божи ставкаларини қайта кўриб чиқиш назарда тутилади.
Маълумот учун, хорижий компания ўз маҳсулотини ўз мамлакатидаги ички нархидан ёки ўзига тушиш таннархидан сезиларли даражада арзон нархда бошқа давлатга экспорт қилиши демпинг дейилади. Бундай сиёсатдан мақсад – рақобатчиларни бозордан сиқиб чиқариш ва вақт ўтиб ўша бозорда монополия ўрнатиш.
Антидемпинг эса ички бозорни ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни хориждан олиб кирилаётган арзонлаштирилган (демпинг нархдаги) товарлардан ҳимоя қилишга қаратилган иқтисодий ва ҳуқуқий чоралар тизими ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида айрим импорт маҳсулотлари демпинг нархда ёки контрафакт сифатида кириб келаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилган эди.
Live
Барчаси