Ўзбекистонда амалдорлар кўпинча коррупция билан шуғулланиб, жазосиз қолган – АҚШ

Жамият 11062
image

Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазият юзасидан 2020 йил учун ҳисобот эълон қилгани ҳақида хабар бергандик.

Давлат департаменти ҳисоботида коррупция муаммоси ҳамда ҳукуматда ошкораликнинг йўқлиги масаласига ҳам тўхталиб ўтилган.

Унга кўра, қонунчиликда амалдорларга коррупция учун жиноий жазо кўзда тутилган, аммо ҳукумат қонунни самарали амалга оширмаган ва амалдорлар кўпинча коррупция билан шуғулланиб, жазосиз қолган.

АҚШ ҳисоботида ўтган йилнинг 24 июнь куни орган ходимлари Тошкентнинг Чилонзор тумани ҳокимиятидаги Капитал қурилиш бош бошқармаси бошлиғини 50 минг АҚШ доллари миқдорида пора олишда айблаб ҳибсга олгани ҳақида ёзилган. Унга кўра, пора қиммат ер участкасини рўйхатдан ўтказишга ёрдам олиш учун берилган. Терговчилар ҳибсга олинган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) бўйича жиноий иш қўзғаган.

Таъкидланишича, ўтган йилнинг 19 ноябрь куни Коррупцияга қарши кураш бўйича давлат агентлиги 2020 йилда давлат ҳизматчиларининг коррупция ҳуқуқбузарликлари натижасида етказилган зарар 200 миллиард сўмдан (20 миллион АҚШ доллари) ошгани тўғрисида хабар берган. Агентлик маълумотларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан коррупцияга оид 838 та жиноят иши очилган бўлиб, улар доирасида 454 та ҳолат бўйича 647 та мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг аксарияти (40,3 фоиз) мулкни ўғирлашда айбланган. 

“Жиноий жавобгарликка тортилганларнинг 4 нафари давлат даражасидаги, 15 нафари вилоят даражасидаги, 626 нафари шаҳар ва туманлар даражасидаги мансабдор шахслардир. Бундан ташқари, 7 нафари шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, 57 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ходимлари, 8 нафари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ходимлари, 15 нафари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ходимлари, 89 нафари Халқ таълими вазирлигининг ходимлари, 36 нафари Мактабгача таълим вазирлигининг ходимлари, 13 нафари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросидан, 59 нафари Ички ишлар вазирлигининг ходимлари, 2 нафари Миллий гвардиядан, 6 нафари Давлат солиқ қўмитасидан ва 3 нафари Мудофаа вазирлигидан. Бундан ташқари, коррупцияда айбланаётганлар орасида 34 та банк раҳбарлари ва 184 та давлат улуши бўлган корхоналарнинг раҳбарлари бор”, дейилган ҳисоботда.

Ҳисоботга кўра, ўтган йилнинг 1 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Тошкент шаҳар маъмурий суди судьялари саккиз миллиард сўм (766 минг АҚШ доллари) миқдорида пулни ўзлаштиргани ҳақида хабар берган.

“Бир нечта судьялар ва уларнинг ёрдамчилари Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан тил бириктирдилар. Улар йўл ҳаракати қоидаларини бузиш бўйича маъмурий иш қўзғатмасдан тахминан беш мингта сохта қарорни қабул қилишди. Улар ишларни томонларнинг иштирокисиз кўриб чиқдилар ва баъзи маъмурий ишларни мақсадли йўқ қилиб давлат бюджетига зарар етказдилар”, дейилган хабарда. 

Қайд этилишича, агентлик Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьялари ва бошқа ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берган.

Ўтган йилнинг 17 декабрь куни оммавий ахборот воситаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасида электр энергияси, табиий газ ва кўмир етказиб беришда 1525 та коррупция ҳолатлари аниқлангани ва бу жиноятдан зарар 59 миллиард сўмни (5,6 миллион АҚШ доллари) ташкил қилгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, ҳисоботга кўра, прокуратура ва солиқ органлари кўмирни сотиб олиш ва сотиш билан боғлиқ 110 та жиноий ҳолатни аниқлаган.

Халқаро босимга жавобан, 5 февраль куни ҳукумат 2016 йилдан бери “конституцияга қарши фаолиятни режалаштириш” ва экстремистик ташкилотда қатнашганликда айбланиб қамоқда бўлган Арамаис Авакианни озод қилди. Арман миллатига мансуб христиан Авакианга қарши айблов маҳаллий ҳокимият унинг муваффақиятли балиқчилик хўжалигини мажбурлаш йўли билан эгаллаб ололмаганидан сўнг қўйилганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 275
Рейтинг: 3.1
t
×