Ўзбекистонда “Ал-Бухорий” халқаро спутник телеканалини очиш таклиф этилди
Жамият
−
24 Декабрь 2020
5462Ўзбекистонда “Ал-Бухорий” халқаро спутник телеканали ташкил этилади. Унда мусулмон аҳолиси кўп бўлган мамлакатлар тилларида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини намойиш этилади. Бу ҳақдаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан билдирилди.
Кеча, 23 декабрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтган. Унда Президент маслаҳатчиси – Халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов ва Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, зиёрат туризми соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, Академия олимлари ҳамда Қўмита вакиллари иштирок этди.
“2018-2019 йилларда визасиз режим жорий этилган Индонезиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими - 170 фоизга, Малайзиядан - 158 фоизга, Туркиядан – 154 фоизга, БААдан келувчи мусулмон сайёҳлар сони 153 фоизга ошди. Шуниси диққатга сазоворки, “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингида Ўзбекистон 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) юқорилаб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин олди. Шу билан бирга, мамлакатимиз “Halal Travel Frontier 2020” ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилди”, дейди Азиз Абдуҳакимов.
Тадбир доирасида Академия томонидан соҳада мавжуд имкониятлардан зиёрат туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш, Академия бинолари, конференция заллари ва талабалар турар жойларидан хорижий талаба ва тадқиқотчилар учун “Академик туризм” ва МДҲ давлатлари имомлари учун “Imams’ tour” маърифий турларни ташкил этишда самарали фойдаланиш, туризм йўналишида ташриф буюрган хорижий тадқиқотчилар учун Академиянинг ресурс маркази ва кутубхонасидан фойдаланиш имконини яратиш, Академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар — Шайхонтоҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларида сайёҳларни кириб-чиқиш шароитларини янада қулайлаштириш каби таклифлар билдирилди.
Азиз Абдуҳакимов, ўз ўрнида, “Ал-Бухорий” халқаро спутник телеканалини очиш ва унда мусулмон аҳолиси кўп бўлган мамлакатлар тилларида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини намойиш қилиб, тарғибот кампаниясини кучайтиришни, шунингдек инновацион музей ҳамда Зиёрат туризми маркази ташкил қилишни таклиф этди.
Тадбир якунига кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Мазкур келишув асосида Қўмита мутахассислари томонидан Академия талабалари учун малака ошириш дарсларини ўтказиш, халқаро миқёсдаги экспертлар ва Ўзбекистоннинг зиёрат туризми элчилари иштирокида маърузалар, хорижий турфирмалар иштирокида талабалар учун маҳорат дарслари, соҳага оид қатор тадбирларни ташкил этиш, ҳамкорликда илмий ва маърифий лойиҳаларни амалга оширишга эришилади
LiveБарчаси