Ўзбекистонда 7 нафар судья коронавирусдан вафот этган

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистонда 2020 йилда 27 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров брифингда маълум қилди.

Ваколат муддати тугатилган судьяларнинг етти нафари коронавирусдан вафот этган. Шунингдек, 3 нафар судья бошқа ишга ўтган, 12 нафар судья судьялик қасамёди ва одоб-ахлоқ қоидаларини ҳамда одил судловни амалга оширишда қонун талабларини қўпол равишда бузгани учун четлатилган (улардан бири жиноий жавобгарликка тортилган). Шунингдек, ўз хоҳишига кўра яна 5 нафар судья лавозимидан озод этилган.

2021 йилнинг ўтган икки ойида Судьялар олий кенгаши қарори билан 9 нафар судьяга нисбатан интизомий жазо чораси қўллашга рухсат берилган, бир нафар судья вазифасидан озод қилинди. Шу кунларда яна уч нафар судьяга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Судьялар олий кенгаши 2020 йилда 835 нафар номзодни судьяликнинг навбатдаги ваколат муддатига, муддатсиз даврга ва ваколат муддати даврига қайта тайинлаш масалалари кўриб чиққан. Шундан 126 нафар номзод судьяликнинг кейинги муддатидаги тайинлашга номуносиб деб топилган. 72 нафари захирага колдирилган, 41 нафар номзодни тавсия этилган лавозимга тайинлаш рад этилган. 

Ўтган йили илк бор судьялик лавозимига тайинланиш учун очиқ танловда 172 нафар номзод иштирок этган бўлса, уларнинг 73 нафари судьялик лавозимига номуносиб деб топилди, 34 нафари захирада қолдирилган бўлса, қолганларга ишонч билдирилган. 

Жорий йилнинг ўтган икки ойида биринчи беш йил муддатга судьялик лавозимлари учун таклиф этилган 30 нафар номзоднинг 3 нафари номуносиб деб топилган бўлса, 7 нафари заҳарида қолдирилган, 20 нафарига ишонч билдирилган.

Шунингдек, ўтган икки ойи давомида  навбатдаги ваколат муддатига ва бошка судьялик лавозимлари бўйича қайта тайинлаш масаласида 111 нафар номзод кўриб чиқилган. Шундан бир нафари номуносиб, 5 нафари захирада қолдирилган бўлса, яна 5 нафар номзодни тавсия этилган лавозимга тайинлаш рад этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

109

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг