Ўзбекистонда 60 мингга яқин 1-синф ўқувчилари ва боғча тарбияланувчилари эмланди

Жамият

image

Ўзбекистонда жами 58 383 нафар 1-синф ўқувчиси ва МТТ тарбияланувчиси гриппга қарши вакцина олди, дея хабар беради ССВ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 4 ноябрь ҳолатига кўра, мамлакат бўйлаб ташкил этилган эмлаш пунктларида 43 991 нафар МТТ тарбияланувчиси ҳамда 14 392 нафар 1-синф ўқувчиси гриппга қарши эмланди.

“Сўнгги кунларда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари ўртасида грипп ҳамда ўткир респиратор хасталиклар билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан олиб борилаётган кузатувларда ўз аксини топмоқда.

Гриппга қарши энг самарали профилактик чора деб қаралаётган эмлаш табдирларини ташкил этиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияларга кўра, юртимизга 2 миллион доза гриппга қарши вакцина келтирилиб, ҳудудларга етказиб берилди ва  эмлаш жараёнлари 1 ноябрдан бошлаб юборилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, ССВ хабарида ушбу вакциналар билан барча мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва мактабларнинг 1-синф ўқувчилари эмланиши режалаштирилгани айтиб ўтилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва мактабларнинг 1-синф ўқувчилари ота-оналаридан эмлаш жараёнларида фаол иштирок этиб, болалар ўртасида касалланишнинг пасайишига ҳисса қўшишларини сўрамоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонга олиб келинган “Гриппол плюс” вакцинаси Россияда ишлаб чиқарилган бўлиб, самарадорлиги халқаро даражада эътироф этилган. Унинг ножўя таъсирлари ва эмлашга қарши кўрсатмалар деярли йўқ.

Мазкур вакцина гриппнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган штаммларига қарши ишлайди.

Бундай вакциналар дунёда 50 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатиб келинади. Гриппга қарши иммунитет эмлашдан тахминан 14 кун ўтгач шаклланади ва мавсум давомида вирусдан ҳимоя қилади.

Азизбек Наҳанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг