Ўзбекистонда 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади
Жамият
−
16:41 1409 2 дақиқа
Ўзбекистонда 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилиб, уларга тафтиш инстанциясининг ваколатлари берилади. Бу ҳақда бугун, 14 август куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган “Одил судлов – 2030” стратегияси лойиҳаси тақдимотида сўз боради.
Президент Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижалари ва соҳадаги устувор вазифаларни муҳокама қилиш юзасидан суд тизими раҳбарлари билан учрашув ўтказган. Мулоқотда судлар фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантиришга қаратилган “Одил судлов – 2030” стратегияси лойиҳаси тақдимот қилинган.
Қайд этилишича, “Одил судлов – 2030” стратегияси аҳолининг таклифлари, олимлар, амалиётчи юристлар ва адвокатлар билан мулоқотлар, шунингдек, илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган. Стратегияда 57 та вазифа, уни амалга ошириш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурида 160 та аниқ чора-тадбир ҳамда 2030 йилга қадар эришилиши лозим бўлган 33 та мақсад белгиланган.
Жумладан, қуйи судлар қарорларини қайта кўриб чиқиш холислигини ошириш мақсадида 2027 йил 1 июлдан 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади. Вилоят судларида апелляция ва кассация инстанциялари сақланиб, тафтиш инстанциясининг ваколатлари ҳудудлараро судларга берилади. Бу бир суднинг ўз қарорини ўзи қайта кўриб чиқиши амалиётига чек қўяди ва фуқароларнинг адолат излаб пойтахтга бориш заруратини камайтиради.
Қайд этилишича, кундалик ҳаётий муаммоларни ҳал этувчи, одамларнинг иши кўпроқ тушадиган судлар фуқаролик ишлари бўйича судлар эканлигини инобатга олиб, уларни халққа яқинлаштириш мақсадида 2030 йилга қадар заруратга қараб қарийб барча туман ва шаҳарларда фуқаролик судларининг фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилади. Барча судларда ахборот олиш, мурожаат топшириш ва рақамли хизматлардан фойдаланиш “ягона дарча” тамойили асосида таъминланади.
Судга берилган ариза бошқа судга тегишли бўлса, у фуқарога қайтарилмайди, суднинг ўзи уни тегишли судга юборади. Аризада жузъий камчилик аниқланган тақдирда суд уни бартараф этишда фуқарога фаол кўмаклашади.
Иқтисодий низоларни тезкор ҳал этиш учун “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” стандарти жорий этилади. Бу тадбиркорларнинг идорама-идора сарсон бўлиши ва ҳужжатларни қайта-қайта топширишига чек қўяди.
Live
Барчаси