Ўзбекистонда 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиши мумкин бўлган соҳалар айтилди

Жамият 75385
image
-

Ўзбекистонда IT, банклар, таълим, соғлиқни сақлаш, шунингдек, илм-фан каби номоддий ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритувчи ходимлар 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиши мумкин. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ўтказган таҳлиллар шундай хулосага келишга имкон бермоқда.

Ўзбекистоннинг Европа амалиётидагидек 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини, илмий нуқтаи назардан кўриб чиққан. Бунинг учун, биринчи навбатда, иш ҳафтасининг қисқариши меҳнат унумдорлигига қандай таъсир қилиши мумкинлиги таҳлил қилинган.

Ўзбекистонда 4 кунлик иш ҳафтасининг меҳнат унумдорлигига таъсирини таҳлил қилиш учун ПМТИ мутахассислари республика бўйича меҳнат унумдорлиги ва бир соатлик иш вақтидаги меҳнат унумдорлигини ҳисоблаб чиққан.

Корреляцион таҳлил натижаларига кўра, меҳнат унумдорлиги ва иш соатлари ўртасида боғлиқлик мавжудлиги аниқланган – корреляция коеффициенти - 0,40. Шундай қилиб, Ўзбекистон шароитида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича жаҳон амалиётини иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўллаш мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келинган. Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, саноатда иш соатлари ва меҳнат унумдорлиги ўртасидаги корреляция коеффициенти - 0,45 ни ташкил этган. 

“Бу юқори корреляцияни тасдиқлайди. Бунинг асосий сабаблари ишлаб чиқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилмаганлиги, деб ҳисоблаймиз”, дейилади тадқиқотда.

Шунга қарамай, ПМТИ мутахассислари 4 кунлик иш ҳафтаси қўлланилиши мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга ҳаракат қилган. Шунда бу тартибни номоддий ишлаб чиқариш соҳалари яъни, IT соҳаси, банклар, таълим, соғлиқни сақлаш, шунингдек, илм-фан билан боғлиқ соҳаларда қўллаш мумкин, деган хулосага келинган.

“Айтиб ўтиш жоизки, IT-соҳасидаги ходимларнинг аксарияти анча мослашувчан иш тартибига эга. Банкларнинг 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиши молиявий операцияларни секинлаштириши мумкин. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ иши ҳиссий, ақлий, асабий тарангликни кучайтириш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар учун иш вақти ҳафтасига 36 соатдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланган (Меҳнат кодексининг 118-моддаси). Бироқ, таҳлил натижаларига кўра, таълим (корреляция коеффиценти -0,15), соғлиқни сақлаш (-0,21), IT-соҳаси (-0,09), илмий фаолият (-0,07) ва молия тизимида (-0,06) иш соатлари ва меҳнат унумдорлиги ўртасида корреляцион боғлиқлик мавжуд эмас. Бу эса ўз навбатида ушбу соҳаларда иш вақтини қисқартириш имкониятлари мавжуд эканлигидан далолат беради”, дейилади институт тақдим этган маълумотда.

Таҳлил натижалари меҳнат фаолиятининг бир йилда қанча давом этиши меҳнат унумдорлигига таъсир қилувчи ягона ва асосий омил эмаслиги, аммо уларнинг ўзаро боғлиқ эканлиги ва бунга шубҳа йўқлигини кўрсатган. 

“Юқоридаги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, меҳнат унумдорлигини сифат жиҳатидан яна-да ошириш ва ходимларнинг меҳнат ва дам олиш вақтини уйғунлаштириш нуқтаи назаридан иш ҳафтасини қисқартириш учун шарт-шароитлар мавжуд”, дейилади экспертлар хулосасида.

Буни бир неча усул билан амалга ошириш мумкин:

•    тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш;
•    ходимларни қўшимча “ўзгарувчан” дам олиш куни билан таъминлаш;
•    иш вақтини қисқартириш.

Мослашувчан иш жадвалига ўтиш ва иш ҳафтасини қисқартириш бир қатор имтиёзларни шакллантиришда ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида, умумий иш самарадорлигига таъсир қилади ва ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилайди:

Биринчидан, ходимларнинг соғлиғи яхшиланади: қўшимча дам олиш куни ходимларга яхши дам олиш ва иш учун куч тўплаш имконини беради.

Иккинчидан, аҳолининг, хусусан, хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иқтисодий фаоллигини ошириш орқали ишсизликка қарши самарали кураш таъминланади.

Учинчидан, ходимларнинг иштиёқи кучаяди, муҳим вазифаларни тез ва сифатли бажаришда фикрини жамлай олади, иш вақтини йўқотиш қисқаради.

Тўртинчидан, иш вақтини қисқартириш экология ва транспортга тушадиган зўриқишни, шунингдек, ёнилғи ва энергия сарфини камайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Бешинчидан, кўнгилочар ва маданият соҳасини ривожлантиришга қўшимча туртки бўлади.

Олтинчидан, аҳоли турмуш даражаси яхшиланади. Вақтни оила даврасида ўтказиш, севимли машғулот билан шуғулланиш, маданий савиясини юксалтириш, спорт билан шуғулланиш, ўз-ўзини тарбиялаш учун кенг имкониятлар яратилади.

Умуман олганда, хорижий амалиётни ўрганган ҳолда, шунингдек, ҳисоб-китоб натижаларига кўра, ПМТИ мутахассислари Ўзбекистон шароитида айрим соҳаларда 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш имкониятлари мавжуд, деб ҳисоблайди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1772
Рейтинг: 3
t
×