Ўзбекистонда 25 та манзил колониялари босқичма-босқич қисқартирилади
Жамият
−
29 Декабрь 2020
8174Ўзбекистонда Инсонпарварлик комиссияси ташкил этилади ва жазо муддатини ўтаётган шахсларга белгиланган жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳамда шартли равишда озод қилиш бўйича тақдимнома киритиш ваколатлари ушбу комиссия зиммасига ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида айтиб ўтди.
Президентнинг алоҳида урғулашича, жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилларини кенг қўллаш борасидаги ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Жумладан, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил колониялари босқичма-босқич қисқартирилади.
Бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил колонияга ўтказилмасдан, пробация назоратига олинади. Мазкур енгиллик асосида ҳозирги кунда жазо муддатини ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имкони яратилади.
Шу билан бирга, Президент жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш Жазони ижро этиш органининг қўлида қолаётганини танқид қилди. У бу ҳақда гапираркан, шундай дейди:
“У колониянинг раҳбари нима деса, ўша бўлади. Бу ҳам адолатсизлик. Шунинг учун жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисидаги тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан янги ташкил этилаётган Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилади”, дейди давлат раҳбари.
LiveБарчаси