Ўзбекистонда 2022 йилдан махсус пенсия картаси жорий этилиши мумкин

Жамият 7545
image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Фуқароларга давлат пенсиясини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда пенсияларни тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этилади ҳамда мазкур маълумотларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини электрон шаклга ўтказишга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Шу сабабли қарор лойиҳасида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб пенсияларни ҳисоблаш фуқароларнинг “Ягона меҳнат миллий тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда – ЯММТ ИДАК)га киритилган меҳнат стажи, олий ўқув юртларидаги кундузги таълим ва ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги электрон маълумотлари асосида амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Ҳужжат билан фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич жорий этиш, жумладан пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт ёки идентификация ID картаси билан мурожаат қилиш кифоя бўладиган тизимни жорий этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланади.

2022 йил 1 январдан бошлаб:

•    Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади;

•    пенсия ва нафақалар етказилганлиги учун хизмат ҳақини тўлаш учун фуқароларнинг ҳар ойлик пенсия ва нафақа миқдорига қўшимча 1 фоиз устама жорий қилинади ҳамда тўловларни нақд пулсиз шаклда олиш ёки арзонроқ хизматдан фойдаланиш ҳисобига иқтисод қилинган маблағ пенсия ва нафақа олувчининг ихтиёрида қолдирилади;

•    пенсия ва нафақа олувчиларга Ўзбекистон ҳудудида шахсини тасдиқлайдиган, эгасининг шахсий биографик маълумотлари қайд этилган, электрон ташувчи қурилма (чип)га эга бўлган банк картаси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд махсус пенсия картаси жорий этилади.

Қарорга мувофиқ қуйидагиларга эришиш режалаштирилган:

•    Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳар уч йилда ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади;

•    пенсия ва нафақалар етказилганлиги учун хизмат ҳақини тўлаш учун фуқароларнинг ҳар ойлик пенсия ва нафақа миқдорига қўшимча 1 фоиз устама жорий қилинади ҳамда тўловларни нақд пулсиз шаклда олиш ёки арзонроқ хизматдан фойдаланиш ҳисобига иқтисод қилинган маблағ пенсия ва нафақа олувчининг иҳтиёрида қолдирилади;

•    пенсия ва нафақа олувчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсини тасдиқлайдиган, эгасининг шахсий биографик маълумотлари қайд этилган, электрон ташувчи қурилмага (чипга) эга бўлган банк картаси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд махсус пенсия картаси жорий этилади;

•    Давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш мақсадида Пенсия жамғармасининг ташкилий тузилмаси қайтадан танқидий кўриб чиқилади;

•    Пенсия жамғармасининг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромаднинг йигирма фоизи Пенсия жамғармаси ходимларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади

•    ҳар бир ҳудудда биттадан Пенсия жамғармасининг мавжуд бинолари негизида “Намунали Пенсия жамғармаси бўлими” ташкил этилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 127
Рейтинг: 3.1
t
×