Ўзбекистонда 2 та олтин кони туризм объектига айлантирилади
Жамият
−
02 Февраль 2021
8873Навоий тоғ-кон металлургия комбинатига қарашли Амантойтов ва Довгизтов конлари ҳудудида геотуризм ва саноат туризм йўналишидаги инфратузилма объектлари яқиндан ўрганилди. Бундан мақсад ҳудудда саноат туризмини ривожлантириш, деб хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Навоий вилояти саноатлашган ҳудудлиги боис, унда геотуризм ва саноат туризм йўналишларини ривожлантириш борасида Навоий кон металлургия комбинати давлат корхонаси тасарруфидаги олтин, руда ва бошқа минерал ресурслар қазиб олувчи конлардаги мавжуд инфратузилма объектлари ўрганилди. Келгусида Амантойтов ва Довгизтов конларини сайёҳлар ташриф буюрадиган туристик масканга айлантириш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, Амантойтов ва Довгизтов конлари марказий Қизилқум чўлининг руда майдони минтақасидаги конлар бўлиб, Навоий шаҳридан 180 км шимолда, Зарафшон шаҳридан 40 км шарқда жойлашган. Руда заҳираси кўлами, рудани қазиб олиш технологик шароитининг қулайлиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатининг юқорилиги ва бошқа хусусиятларига кўра дунёдаги ноёб конлар сирасига киради.
Мазкур олтин қазиб олиш конида, ишлаб чиқариш жараёнига ҳалал бермаган ҳолда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун эксклюзив ноу-хау ва саноат туризмининг янгича услубдаги йўналишини ташкил қилиш мақсад қилинган.
Хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг хавфсизлиги таъминланган ҳолда олтин қазиб олиш конида тоғ жинсларини портлатиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини узоқ масофадан, панарама ойнали майдончаларда туриб кузатиш, шунингдек, мазкур ҳудудда улар учун енгил конструкцияли дам олиш масканлари ҳамда қўшимча хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш режалаштирилган.