Ўзбекистонда 150 турдаги зарур дори воситаларда узилиш бўлиши хавфи кутилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда ташқи омиллар ҳисобига 150 турдаги зарур дори воситаларда узилиш бўлиш хавфи мавжуд. Шунингдек, мамлакатда қалбаки ва контрафакт дорилар сотилишига ҳалигача барҳам берилгани йўқ, амалиётда 15 фоизлик нарх преференцияси ишламайди. Бу ҳақда бугун, 12 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аҳолини фармацевтика маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, янги турдаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда сўз очди.

“Ҳудудларни дори воситалари билан таъминланганини таҳлил қилдим – бу мутлақо қониқарсиз. Шунинг учун ўзимизда ишлаб чиқарилган дори воситаларини кўпайтириш бўйича кескин чоралар кўришимиз шарт”,  дейди Президент.

Қайд этилишича, барча фармацевтика корхоналари билан учрашувлар ўтказилган. Улар томонидан 50 га яқин муаммо ўртага ташланган. Жумладан:

•  тиббиёт муассасалари томонидан давлат харидларида дори воситаларини “савдо номи” билан жойлаштириш, бир неча дориларни битта лотга қўйиш ҳолатлари мавжуд;

•  маҳаллий ишлаб чиқарувчилар амалиётда 15 фоизлик нарх преференциясидан фойдалана олмаяпти;

•  ташқи омиллар ҳисобига 150 турдаги аҳоли учун керакли дори воситаларида узилиш бўлиши хавфи мавжуд;

•  корхоналар билан маҳсулотини 3 йил давомида кафолатли сотиб олиш (офтейк) тизимини жорий қилиш бўйича амалий ишлар бошланмади.

Бундан ташқари, ички бозорда қалбаки ва контрафакт дорилар сотилишига ҳалигача барҳам берилгани йўқ.

Мисол учун, 2021 йилда 24 турдаги қалбаки, 400 турдаги сифатсиз, 1,5 мингдан зиёд номдаги контрафакт ва 2,5 минг номдаги рўйхатдан ўтмаган дори ва тиббиёт буюмлари савдоси аниқланган. Бош прокуратурага бу борадаги назоратни кучайтириши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Қайд этилишича, мамлакатда йилига 1,6 миллиард долларлик 1,5 мингдан зиёд турдаги фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади. Шундан 647 турдаги дори ва тиббий буюмлар ўзимизда ишлаб чиқарилгани билан, ҳар йили қарийб 1,2 миллиард долларлик маҳсулотлар импорт қилинмоқда.

Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғонада истеъмол қилинадиган дорининг атиги 2−5 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

450

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг