Ўзбекистонда 142 киши сувда чўкиб ўлди. Уларнинг ярми болалар

3-саҳифа

image

2022 йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонда 142 киши сувда чўкиб, ҳалок бўлган. Уларнинг деярли ярми болалардир. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев маълум қилди. 

Унинг қайд этишича, мамлакатда аҳолининг сувда чўкиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қатор профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, 2022 йилнинг бугунги кун ҳолатига ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари Сувда-қутқарув гуруҳлари томонидан жами 142 нафар фуқароларнинг чўкишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳолатларга чиқишлар амалга оширилган бўлиб, булардан 51 нафари чўмилиш оқибатида, 85 нафари эҳтиётсизлик оқибатида юзага келган. Энг ачинарлиси ушбу чўкканларнинг 45,3%и вояга етмаганлар ҳиссасига тўғри келади. 

“Юқоридаги рақамларга эътибор берадиган бўлсак чўкиб кетганларнинг 51 нафари чўмилиш тақиқланган, рухсат этилмаган, чўмилиш учун шароитлари бўлмаган, хавфли сув ҳавзаларида чўмилганликлари оқибатидир”, дейди Самандар Ҳикматуллаев.

Унинг маълум қилишича, 85 нафар фуқаро ўз эҳтиётсизлиги оқибатида сувда чўкиб, халок бўлган. Ўрганиш натижаларига кўра улар дарёлар, каналлар ҳамда ариқларнинг устидаги сув, газ, чиқинди оқава сув қувирларидан йўлни қисқартириш мақсадида кўприк сифатида фойдаланиб ўтишлари ҳамда сув хавзалари қирғоқ бўйларида хавфсизлик қоидаларига риоя этмаганликлари сабабли чўкишган. 

“Чўкиш билан боғлиқ ҳодисаларнинг юз бермаслиги учун авваламбор чўмилиш қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Бунинг учун биринчи навбатда об-ҳаво қуёшли ва шамол бўлмаган пайтда, ҳаво ҳарорати 30-38° даражадан кам бўлмаган шароитда чўмилиш тавсия этилади. Қорин оч бўлганда, чарчаганда, яқинда беморликдан турганда, спиртли ичимлик истеъмол қилинганда, ёлғиз бўлганда ва офтоб уриш ҳолларида чўмилиш тақиқланади. 

Шунингдек, тақиқланган жойларда чўмилиш, ёш болаларни сувда қаровсиз қолдириш, кўприк, дамба ва дарахтлардан сувга сакраш, нотаниш жойларга шўнғиш мумкин эмас”, дейди мутахассис.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг