Ўзбекистонда 1 октябргача дори-дармон экспорти тўхтатилди
Жамият
−
22 Июль 2020
6096Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва Давлат божхона қўмитасининг 2020 йил 1 октябрга қадар бўлган муддатда:
• мувофиқ рўйхатдаги тиббий буюмлар ва тиббий техникалар, шу жумладан кислород концентраторлар, пульс оксиметрлари ҳамда цинк, магний, селен ёки витамин “Д” моддаларини сақловчи биологик фаол қўшимчалар импорт қилинганда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва мажбурий сертификатлаштирилмасдан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш (импорт қилинганда) ва реализация қилиш;
• мувофиқ рўйхатдаги дори воситалари импорт қилинганда ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилганда уларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда 5 кунлик муддатда сертификатлаштириш (фақат айрим кимёвий таҳлилларни ўтказган ҳолда) асосида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш (импорт қилинганда) ва реализация қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.
Белгиланишича, назарда тутилган тартиб асосида тиббий буюм, тиббий техникалар, шу жумладан кислород концентраторлар, биологик фаол қўшимчалар ва дори воситалари импорти билан шуғулланувчи ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар:
• маҳсулот сифати ва хавфсизлиги учун жавобгар ҳисобланади ҳамда ўзлари томонидан реализация қилинган маҳсулот ҳақидаги маълумотларни маҳсулот реализация қилинган кундан бошлаб 5 кун ичида Агентликка тақдим этишлари шарт;
• дори воситаларини айрим кимёвий таҳлилларни ўтказган ҳолда сертификатлаштириш учун дори воситасининг қадоғида халқаро патентланмаган номини ўзбек ёки рус ёҳуд инглиз тилида кўрсатилишини таъминлаган ҳолда ишлаб чиқарувчи корхонанинг синов баённомасини ва синов усуллари кўрсатилган ҳужжатни тақдим этишлари шарт.
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилиши (реэкспорт божхона режими бундан мустасно) 2020 йил 1 октябрга қадар вақтинчалик тўхтатилди.
Бунда, айрим дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни экспорт қилишга рухсат Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Агентликнинг қўшма хулосаси асосида рухсат берилади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари республика ҳудудидан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний олиб чиқиб кетилиши устидан қатъий назорат ўрнатади.
LiveБарчаси