Ўзбекистонда 1 декабрдан нималар ўзгаради?

Жамият

image

Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1 декабрдан эътиборан қонунчиликда бир қанча ўзгаришлар амалга ошади. QALAMPIR.UZ ушбу ўзгаришлар рўйхатини бир ерга жамлади.

Янги нафақа олувчиларга “Ижтимоий карта”лар берилади

Янги тайинланадиган ижтимоий тўловлар, хизматлар ва имтиёзлар “ижтимоий карта”га ўтказилади. Қўллаб-қувватлаш чоралари ушбу карта орқали тақдим этилади.

Карталарнинг чиқарилиши ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларнинг ҳужжатларни йиғиш заруратидан халос қилиши лозим. Янги тизим ижтимоий ёрдам кўрсатишни соддалаштириш ва тезлаштириш, шунингдек, жараённи мақсадли йўлга қўйиши кутилмоқда. 

Автомобилларни рўйхатдан ўтказиш бўйича мурожаатлар онлайн қабул қилинади

Автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва уларга давлат рақами белгиларини бериш бўйича мурожаатлар ЙҲХХ мобил иловаси, расмий сайти, Саll-маркази ёки Ягона портал орқали қабул қилиниб, тўловлар онлайн амалга оширилади.

Бунда рўйхатдан ўтказиш турини танлаш, ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни киритиш, зарур ҳолларда уларнинг нусхаларини юклаш ҳамда телефон рақамни киритиб бу маълумотларни тасдиқлаш керак.

Ундан сўнг тўлов реквизитлари ва миқдори тўғрисида СМС юборилади. Йиғим ва тўловлар онлайн тўланади. Мурожаат ЙҲХХ ва унинг ҳудудий бошқармаларига онлайн юборилади. Автомобилни техник кўрикдан ўтказиш учун кечиктирмасдан автомобилни бошқармага олиб бориш керак.

Автомототранспорт воситаси, унинг типи, маркаси, модель ва модификацияси, РЎДРБ, идентификацияловчи шасси (рама), кузов ва двигателлар рақамлари, тўлиқ вазни, юксиз вазни, ўриндиқлар сони тўғрисидаги маълумотлари асосида техник кўрикдан ўтказилади.

Уй-жойни яхшилаш учун ипотека кредитига аризалар қабули бошланади

Фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга 120 миллион сўмгача кредит учун онлайн ариза бериши мумкин бўлади. Маблағлар Марказий банк асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставка (18 фоиз) да 20 йилгача Маҳалла еттилиги тавсияси асосида ажратилади.

Бошланғич тўловнинг бир қисмини қоплаш учун кредитнинг 15 фоизи миқдорида, фоиз тўловларининг 12 фоиздан ошган қисмига беш йилгача субсидия тақдим этилади. Уларни “subsidyplatform.mf.uz” платформаси орқали олиш мумкин.

Онлайн ариза бериш учун тизим жорий йилнинг 1 декабригача ишлаб чиқилади. Ундан кейин “Онлайн маҳалла” электрон платформаси орқали ариза бериш имконияти яратилади.

Патент ҳуқуқи бузилгани учун товон ундириш мумкин бўлади

12 декабрдан “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчалар кучга киради.

Энди патент эгаси ўзининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахсдан зарарларнинг қопланиши ўрнига БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача (бу 1 октябргача 6,8−340 миллион сўмни ташкил этади) товон пули талаб қилиши мумкин.

Товон зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар тўланади. Миқдорни аниқлашда ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахснинг айби даражаси ҳамда иш муомаласи одатлари ҳисобга олинади.

Товон миқдори тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки суд томонидан белгиланади. Илгари бундай нормалар мавжуд эмас эди.

Ичимлик ва оқова сув учун тўловлар фақат онлайн қабул қилинади

1 декабрдан Ўзбекистонда сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тўловлар фақат электрон шаклда қабул қилинади. Бу чора соҳада шаффофликни таъминлаш, ҳамда коррупцион ҳолатларга барҳам бериш мақсадида амалга оширилмоқда. Негаки сўнгги вақтларда соҳада бир қанча коррупциявий ҳолатлар аниқланган. Жумладан, тўловни нақд шаклда амалга ошириш билан боғлиқ бир қанча қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган. 

Хусусий бандлик агентликлари учун захира маблағлар миқдори камайтирилади

Президент фармони билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янги Миграция агентлиги ташкил этилди.

Агентлик томонидан декабрдан бошлаб таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштириш тартиби жорий этилади.

Хусусий бандлик агентликларига лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори БҲМнинг 8,5 минг бараваридан 4 минг бараваригача (3,19 миллиард сўмдан 1,5 миллиард сўмгача) пасайтирилади.

2026 йилгача агентликнинг фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда танлаш, хорижга ишга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функциялари босқичма-босқич хусусий бандлик агентликларига ўтказилади.

“Ўзбекистон темир йўллари” темирйўлда юк ташиш тарифларини 30 фоизга оширади

Давлат ички темирйўл транспортида юк ташиш тарифлари 30 фоизга оширилади.

Ўзгариш компаниянинг инвентарь вагонларига таъсир қилади ва вагон туридан келиб чиқиб белгиланади: универсал, махсуслаштирилган ёки цистерна.

Қарор вагон қисми билан боғлиқ ошган харажатларни қисман қоплаш ва вагон паркини янгилаш мақсадида қабул қилинган.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун кучга киради

Президент томонидан имзоланган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги қонун 6 декабрдан кучга киради.

Ҳужжат давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.

Қуйидаги шахслар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб эътироф этилади:

  • давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари;
  • давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;
  • давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.

Шаҳарсозлик кенгашлари фаолияти билан боғлиқ жараёнлар рақамлаштирилади

Энди барча лойиҳалар Шаҳарсозлик кенгашига “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали электрон киритилади. Лойиҳа ҳужжатлари бўйича СЭС ва ёнғин хавфсизлиги туман бўлимидан алоҳида хулоса олиш бекор қилинади.

Кенгаш аъзолари лойиҳани қуйи тизими билан платформада электрон келишади, лойиҳани кўриб чиқиш муддати 15 кундан ошмаслиги керак. Бу тартиб 1 декабрдан Тошкент шаҳрида, 2025 йилнинг 1 апрелидан қолган вилоятларда жорий қилинади.

Ресторан ва кафелар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нақд пулга сотиб олиши мумкин.

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафелардан нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини расмийлаштириш (кирим қилиш) да ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.

Камбағал оилалар реестри юритилади

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади. Реестр “маҳалла еттилиги” томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш орқали тузилади.

МҲТЭКМнинг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган реестрдаги оиланинг аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади.


Мақола муаллифи

Теглар

1 декабрь

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг