Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда
Бу қизиқ
−
07 Июнь 2021
66138Бугун, 7 июнь куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёз фаслининг боши учун меъёрий қийматлардан 7-10 даражага юқори бўлган, Эрон ҳудудларидан кириб келган аномал иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.
Кун давомида қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат кечга томон Тошкент вилоятида, шунингдек тоғ олди ва тоғли ҳуддуларда конвектив булутлилик ривожланишида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Кўпчилик вилоятларда кундуз куни ҳаво 40-43 даражагача, жанубда баъзи жойларда 44-46 даражагача, Кавказ ҳудудларидан кириб келаётган кучсиз антициклон таъсирида республика шимолида ҳаво ҳарорати пасаяди ва 33-38 даражани ташкил этади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача, баъзи жойларда чангли бўрон билан кучайиши сақланиб туради.
Эртага, 8 июнь куни Кавказ ҳудудларидан кириб келган салқин ҳаво республиканинг катта қисмини қамраб олади, бунинг ҳисобига ҳаво ҳарорати пасаяди. Ўзбекистонда ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент вилоятида, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда шунингдек момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кечалари 24-27 даража атрофида бўлади, кундуз кунлари эса ҳарорат пасаяди ва 34-38 даражанини, республиканинг энг жанубида 41-43 даражани ташкил этади.
Бундай ҳарорат фони ҳафтанинг охиригача давом этади, аммо ҳарорат меъёрдан ҳали ҳам юқори бўлади ва кечалари 20-25 даражани, кундуз кунлари 34-39 даражани, республиканинг энг жанубида 41-43 даражани ташкил этади. Ушбу даврда ёғингарчилик кутилмайди, фақат тоғ олди ва тоғли ҳуддуларда конвектив булутлилик ривожланишида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
8-9 июнь кунларида шамолли об-ҳаво сақланиб туради, республика бўйича шамол 17-22 м/с гача, баъзи жойларда чангли бўрон билан кучайиши мумкин.
LiveБарчаси