Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 60 даражадан ошдими?
Жамият
−
12 Июль 2019
19048Ўзбекистонда ёзнинг чилласи келди дегунча, одамлар орасида "ҳарорат пасайтириб айтиляпти", деган гаплар қулоққа чалинади. Ҳақиқатдан ҳам ҳарорат пасайтириб айтиладими, ёки уйдаги симобли ҳарорат ўлчагич ва мутахассисларнинг ҳарорат ўлчагичи ўртасида фарқлар борми? Бу саволга Гидрометеорология хизмати маркази жавоб берди.
"Ёз мавсуми айни авжида ва аҳоли ўртасида яна “синоптиклар ҳароратнинг ҳақиқий кўрсаткичларини яширадилар, аслида ҳарорат кундузи 47-50 даража” деган гаплар юрибди. Баъзилар эса ўз маиший асбоблари 60 даражани кўрсатаётганини айтмоқдалар. Бундай инсонларни ишонтириш қийин.
Шундай бўлса ҳам, яна бир бор ҳароратнинг қандай ўлчаниши тўғрисида маълумот берамиз.
Ҳозир аҳоли ўртасида ҳароратни аниқлайдиган маиший термометрлар кенг қўлланилмоқда. Кўпинча, бу асбобларнинг қабул қилиш қисми, шаҳардаги электрон таблоларга ҳарорат тўғрисидаги маълумотларни етказувчи термометрларнинг қабул қилувчи қисмлари тик қуёш нурлари ёки атрофдаги предметларнинг иссиқлик нурланишидан ҳимояланмаган. Бундай ҳолатда термометр ҳаво ҳароратини эмас, балки термометрнинг қабул қилувчи қисми қизиган даражасини ўлчайди.
Тўғри қуёш нурлари остида (очиқ ҳавода) бўлган инсон ҳаво ҳароратини эмас, Қуёшдан келаётган, ер юзасидан кўтарилаётган ҳамда атрофдаги қизиган предметлар ўзидан чиқараётган энергия таъсирида иссиқлик босимини ҳис этади. Автомашинадагилар қуёш нурлари таъсирида қизиган машина корпусининг иссиқлик нурланишини ҳис қилади. Чунинг учун тик қуёш остидаги ҳарорат сояга қараганда анча юқоридек сезилади.
Иссиқлик нурланиши омиллари таъсирини истисно қилиш ва метеорологик кузатувларнинг таққослана олинишини таъминлаш мақсадида улар бутун дунёда Жаҳон Метеорология Ташкилоти қоидаларига мувофиқ ягона услубда ва ягона стандарт шароитларда ўтказилади. Хусусан, ҳаво ҳарорати ер сатҳидан 2 метр баландликда ўрнатилган махсус шамоллатиладиган метеорологик будкада ўлчанади. Ўлчов асбоблари доимий равишда текширилади, уларнинг кўрсаткичлари эталон асбоб кўрсаткичлари билан солиштирилади.
Шунинг учун ҳаво ҳарорати тўғрисида аниқ маълумотларни билмоқчи бўлсангиз, Ўзгидромет прогнозларидан фойдаланинг ва уларга ишонинг.
Шаҳар аҳолиси ёз жазирамасини енгилроқ ўтказиши учун қуюқ соя берадиган дарахтларни кўпроқ экиши, аҳолининг дам олиши учун яшил хиёбонлар ва сердарахт парклар барпо этиш, ариқларни чиқиндилардан тозалаб сув билан тўлдириш зарур. Буларнинг барчаси шаҳарда мақбул микроиқлим ва ана шундай жазирама иссиқ кунларда қулай яшаш шароитларини яратади", дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, дунёда энг юқори ҳаво ҳарорати АҚШнинг Калифорния штатидаги Ўлим водийси ва Ливия чўлида қайд этилган (57-58 даража). Ўзбекистонда энг юқори ҳарорат Қизилқум чўлида ва Термиз шаҳри яқинида қайд этилган (50 даража). Тошкент шаҳрида ёз мавсумининг абсолют максимуми 44,6 даражага тенг.(1997 йил 18 июль).
LiveБарчаси