Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишига қанча жиноят тўғри келади? ИИВ раҳбари жавоб берди

Жамият

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг олти ойи ичида 45 мингдан ортиқ жиноят содир этилган, шулардан 217 таси қотиллик. Бу ҳақда кеча, 30 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов маълум қилди

Пўлат Бобожоновнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 6 ойида содир этилган умумий жиноятларнинг 95,3 фоизи фош этилган, қидирувдаги 1 минг 833 нафар шахс ушланган. Бедарак йўқолган 218 нафар шахс топилган. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан мазкур даврда 15 минг 434 та жиноятлар аниқлаган.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 6 ойида республика миқёсида содир этилган умумий жиноятлар сони 45 630 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 132 тадан тўғри келган. 2020 йилга нисбатан 111,9 фоизга ортган.

Ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрига 383,3 тадан, Фарғона вилоятига 223,4 тадан, Тошкент вилоятига 168,4 тадан, Сирдарё вилоятига 151,4 тадан тўғри келади. 

Бобожовнинг сўзларига кўра, олди олиниши мумкин бўлган 217 та қотиллик, 4 137 та тан жароҳати етказиш, 135 та босқинчилик, 1 100 та безорилик, 7 618 та ўғрилик, 9 439 та фирибгарлик жинояти содир этилишига йўл қўйилган.

Бундан ташқари, жами 5 837 нафар, ҳусусан, Aндижон (1 130), Тошкент (709), Фарғона вилоятлари (602) ва Тошкент шаҳрида (595 нафар) ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилган. Ушбу ҳолатлар жойларда аҳолининг бандлигини таъминлаш ишлари самарасиз ташкил этилганлигидан далолат беради.

Ички ишлар вазирининг маълум қилишича, ушбу 6 ой ичида оилавий муносабатлар доирасида содир этилган жиноятларнинг 77 таси қотиллик, 798 таси тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлардир.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 9 минг 575 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти, яъни 70 фоизи Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Aндижон вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 3 минг 236 нафар хотин-қиз томонидан 1 минг 163 та жиноят содир этилган.

Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек,мазкур масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

64

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг