Ўзбекистон Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги сериалга 5 миллион АҚШ доллари тикди
Маданият-санъат
−
19 Ноябрь 2019
12238Айни вақт ўзбек-турк киноижодкорлари ҳамкорлигида Туркиянинг Истанбул шаҳрида Жалолиддин Мангуберди сериалини суратга олиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда. QALAMPIR.UZ сериал сурат олиниши режалаштирилган майдончада бўлиб, ижодкорлар билан суҳбатлашиб қайтди.
“Тасвирга олиш жараёнлари учун жуда катта тайёргарлик кўрилмоқда. Бу шунчаки сериал эмас, балки халқаро доирадаги, катта жўғрофияни қамраб оладиган лойиҳа бўлиши табиий. Мазкур асар билан Ўзбекистон дунё кинобозорига кирса, ажаб эмас.
Биргина декорацияларга келсак, мен бугунгача кўплаб фильмларнинг тасвирга олиш майдончаларида бўлиб, бу қадар реалликка яқин декорацияларни буюмларни кўрмаганман. Сериал учун, ҳатто, чорва моллари ҳам боқиляпти”, дейди QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов.
Сериал сценарийси тарихчиларнинг илмий изланишлари асосида ёзилди. Албатта, унда бадиий тўқималар ҳам мавжуд.
QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, мазкур сериалга меценатлик асосида 5 миллион АҚШ доллари маблағ сарф этилмоқда. У 13 қисмдан иборат бўлади. Агар сериал дунё бозорига чиқиб, қайсидир жиҳатдан сарф-харажатларни қоплай олса, тасвирга олиш ишлари яна давом эттирилади.
Сериалда Жалолиддин Манбубердининг қаҳрамонлиги ва Чингизхон билан зиддияти, катта қудратга эга бўлган ва дунёнинг ярмини эгаллаган мўғуллар императорини Мангуберди қандай енггани тасвирланади. Сериалнинг илк трейлери яқин кунларда намойиш этилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон тарафидан ушбу лойиҳага Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Озодбек Назарбеков бошчилик қилмоқда. Сериални дунёнинг 85 мамлакатида томоша қилинган “Тирилиш. Эртўғрул” сериали сценарий муаллифи ва продюсери Меҳмет Бўздоғ раҳбарлигидаги ижодий жамоа суратга олади.
Тез орада эътиборингизга сериал продюсери Меҳмет Бўздоғ билан интервьюни тақдим этамиз.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь