Ўзбекистон Европага Россиясиз йўл олди
Жамият
−
28 Январь
177462024 йилнинг декабри ва 2025 йилнинг январи одамлар хотирасида самолётларга оид воқеалар билан муҳрланиб қоладиган бўлди. Даставвал Azarbayjan Airlines авиакомпаниясига тегишли бўлган самолётнинг Қозоғистонда ҳалокатга учраши ва ундан сўнг эса турли хил самолётларнинг омадсиз қўнишлари ҳар бир мамлакатни хавфсизлик борасида жиддий ўйлашга мажбур қилгани аниқ. Хўш, Ўзбекистон-чи? Ўзбекистоннинг энг катта авиақатновчиси Uzbekistan Airways дунё осмонидаги хавфсизликка қандай баҳо беради?
Бугун, 28 январь куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясида матбуот анжумани ўтказилди ва унда QALAMPIR.UZ айни мана шу саволни ўртага ташлади.
“Осмонми? Бугунги кунда унинг ситуацияси ўзгариб туради. Мана НОТАМ деган нарса бор. Осмонда қайсидир жой хавфли бўлса, бу нарса бир дақиқада ҳаммага тарқатилади, барча авиакомпанияларга. Ким қайси жойдан учади, учув режаси деган тушунчалар бор.
Хоҳлаган авиакомпания ўзидан ўзи самолётга одамларни ўтирғизиб, учиб кета олмайди. Бу ҳақда олдиндан маълумот берилади, бу маълумот эса ҳаммага тарқатилади. Агар қайсидир ҳудуд ёпиладиган бўлса, осмон хавфли бўлса, ўша ҳудуд бутунлай ёпилади.
Бугун мана Украина ҳудуди ва Россиянинг айрим ҳудудлари, Краснодарский край, Ростов ва бошқа-бошқа ҳудудлар хавфли ҳудудлар сифатида кўрсатилмоқда. Уларнинг осмонида эса авиакомпания учмайди. Шунақа жойлар бор осмонда. Масалан, Хитой томонга учсангиз, маълум жойлар борки, ҳарбий сир нуқтаи назаридан унинг осмонидан учиб ўтиш мумкин эмас. Вазиятга баҳо бериш қийин, чунки ҳар доим вазият ўзгариши мумкин ва хавфли жойлар пайдо бўлиши мумкин. Аммо айни дамда Ўзбекистон ҳаво йўллари фақат хавфсиз осмонларда парвоз қилмоқда”, деди Uzbekistan Airways бошқарув раиси Шуҳрат Худойқулов.
Айрим халқаро ташкилотлар Россияда бўлаётган воқеалар туфайли унинг осмонини хавфсиз эмас деб ҳисоблайди. Шу туфайли Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳам энди Европа давлатларига бориш учун Россия осмонидан учиб ўтишни тўхтатганини маълум қилди.
Унга кўра, хавфсизликни таъминлаш мақсадида Uzbekistan Airways Миллий авиакомпанияси Европага парвоз йўналишларини қайта кўриб чиққан ва асосан Туркия ва Озарбайжон орқали парвоз йўналишларини ўзгартиришга қарор қилган.
“Россияда Росавиация бор, Европада ESA бор, Америкада FAA бор. Европа авиация хавфсизлиги агентлиги (EASA) билан муҳокамалардан сўнг биз Европа шаҳарларига парвозлар йўналишларини бутунлай ўзгартирдик.
Агар илгари парвозларимиз Россия ҳаво ҳудуди орқали ўтган бўлса, энди мана 20 январдан бошлаб парвозлар Германия, Истанбул ва Баҳрайн, Хитой йўналишлари орқали амалга оширилмоқда. Натижада парвоз вақти 30-40 дақиқага ошди. Бу компания учун қўшимча харажатларга олиб келди, лекин биз авиачипталар нархларини қимматлаштиришни қайта кўриб чиқмадик – барча харажатларни ўзимиз қопладик”, деди Uzbekistan Airways бошқарув раиси.
Унинг айтишича, бу йўловчилардан қўшимча харажат талаб қилмайди.
“Бу форс-мажор ҳолати ҳисобланади. Шунинг учун биз бунга йўловчи пул тўлаши керак эмас деб ҳисоблаймиз”, деди у.
Ўзбекистон айни пайтда ҳар бир мамлакат осмонини жиддий текшириб, хавфсиз ёки хавфсиз эмаслигини аниқлай олади. Uzbekistan Airways раҳбарияти ходими назорат диспетчерлик хонаси билан таништирар экан, унда бугунги осмони ёпиқ давлатларни бизга ҳам кўрсатди.
“Ана, Украинага қаранг, битта самолёт йўқ. Ёки Сурия ва Ироқ, уларнинг осмони ҳам қизил ҳудуд этиб белгиланган. Парвоз қай даражада хавфсиз эканини аниқлашимиз учун диспетчерларимиз 24 соат тинмай фаолият кўрсатади. Биз эса қаердан, қайси самолёт учаётганини кузатиб турамиз”, Uzbekistan Airways АЖ Бошқарув раиси биринчи ўринбосари.
Аммо Озарбайжон самолёти билан содир бўлган воқеада кўплаб давлатлар авиакомпаниялари Россия билан авиақатновларни тўхтатганда ҳам, ўзбекистонлик депутат Алишер Қодиров Россия билан хавфсизлик масалаларини кўриб чиқинглар деганида ҳам, Ўзбекистон ҳаво йўллари ўзаро қатновларни тўхтатмаганди. Нега? Uzbekistan Airways шунчалик Россияга ишонадими?
Шу ва шу каби саволларга QALAMPIR.UZ’нинг юқоридаги видеосида жавоб бор.