Ўзбекистон вакили илк бор Европа халқаро аёллар етакчилиги мукофоти билан тақдирланди
Жамият
−
05 Сентябрь 2021
10897Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Гулноза Исмоилова European International Womenʻs Leadership Awards мукофотининг 2021 йилги совриндори бўлди. Мазкур мукофот билан Ўзбекистон вакили илк бора тақдирланди. Бу ҳақда университет Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Форум давомида мукофотлар Германия (яшил технологияларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси), Мўғулистон (аёлларни ишга жойлаштиришга қўшган ҳиссаси), Марокаш (давлат секторида аёлларнинг иштирокини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси), Бельгия (заиф аёлларни ҳимоя қилиш ҳиссаси), Фаластин (зиддиятлар шароитида аёлларни ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси), Кашмир (аёллар қадр-қимматини ҳимоя қилишга ҳиссаси) ва Ўзбекистон (гендер тенглик ва демократик жараёнлар учун) аёлларига топширилди.
Европа Иттифоқи пойтахти Брюсселда бўлиб ўтган мазкур тақдирлаш маросимида Германия, АҚШ, Исроил, Бельгия, Буюк Британия каби мамлакатларнинг вакиллари ҳам иштирок этди.
“European International Womenʻs Leadership Awards тақдимоти жамиятда ва ҳаётда фаоллиги билан минглаб аёлларнинг овозига айланган, аёллар ҳақидаги мавжуд стереотипларни ўз фаолияти билан ўзгартиришга ҳисса қўшаётган аёллар учун эътирофдир”, дея таъкидлаб ўтилди хабарда.
Маълумот ўрнида, мазкур тақдимот илк бор 2019 йилда турли қитъалардан йиғилган аёллар иштирокида ўтказилган. Шундан буён Европа Иттифоқининг мазкур мукофоти жаҳоннинг барча давлатларидан ишбилармон, билимли ва фаол аёлларни тақдирлаш ва уларни меҳнатини дунё ҳамжамиятига таништириш мақсадида ташкил этиб келинмоқда.
LiveБарчаси