Ўзбекистон ва Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди

Жамият

image

Бугун, 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған раислигида Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия етакчисини қутлар экан, ўзаро ҳамкорликда юксак даражага эришилганидан, мамлакатлар парламентлари, давлат идоралари, ишбилармон доиралари ва жамоатчилиги ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнун эканлигини билдирган. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлаган.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатларнинг қардошлик ришталарига асосланган стратегик шериклиги барча соҳаларда ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ривож топаётганини алоҳида қайд этган.

Етакчилар жорий йилда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва стратегик шериклик муносабатлари йўлга қўйилганининг 5 йиллиги нишонланаётганини мамнуният билан таъкидлаганлар.

Икки мамлакат етакчиларининг расмий ташрифлари ва мунтазам мулоқотлари сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, сермаҳсул амалий шериклик учун кенг имкониятлар очган.

“Савдо ва инвестиция соҳаларида алоқалар жадал ривожланмоқда. Жумладан, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш 2,5 баробарга ўсиб, 3,6 миллиард доллардан ошди. Қўшма корхоналар сони 5 баробар кўпайиб, 2 мингдан ортди. Инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари 70 баробарга ўсди.

Икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида томонлар шерикликни, шу жумладан савдо ва иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар алмашинув каби соҳаларда янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларига батафсил тўхталдилар.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, фан, таълим, санъат, кино, туризм ва ахборот соҳаларидаги шерикликни чуқурлаштиришга келишиб олинди”, дейилади Матбуот хизмати хабарида.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим ҳужжатлар имзоланган. Преференциал савдо тўғрисида, қурилиш, соғлиқни сақлаш, адлия, божхона ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувлар шулар жумласидан. Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши қарорларини амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш режалаштирилган.

Ҳамкорлик кўлами кенгайганини ҳисобга олиб, томонлар икки томонлама муносабатларни янги даражага – кенг қамровли стратегик шериклик босқичига олиб чиқишга қарор қилган.

Музокаралар якунида Ражаб Тойиб Эрдўған Шавкат Мирзиёевга икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Туркияга ташриф билан келишни таклиф этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Туркия Шавкат Мирзиёев Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг