Ўзбекистон ва Туркия ҳарбийларининг Термиздаги машғулоти якунланди
Жамият
−
26 Март 2021
4267Аввалроқ Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги Термиз дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Туркия Республикалари Мудофаа вазирларининг икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига асосан мазкур мамлакатлар Қуролли Кучларининг махсус бўлинмалари билан ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқувларига старт берилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, кеча, 25 март куни Термиз дала-ўқув майдонида машғулотнинг асосий босқичи ўтказилиб, унда икки давлат ҳарбийлари биргаликда шартли қуролланган тўдаларни турли шароитларда зарарсизлантириш бўйича амалий ҳаракатларни олиб борди.
Тактик-ўқув машғулотларини Туркия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи армия генерали Яшар Гулер ҳамда Ўзбекистон Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов бевосита кузатиб борган.
Машғулот режасига кўра, давлат чегарасини бузиб ўтишга уринган бир гуруҳ ноқонуний қуролланган шартли душман ҳақида разведка маълумотлари олинган. Учувчисиз учиш аппарати ёрдамида шартли душманинг сони ва жанговар имкониятлари, улар қўлга олган ҳудуд ўрганилган.
Тўпланган маълумотларга асосан икки давлат бўлинмалари авиация, енгил зирҳланган жанговар техникалар ва ўт очиш воситалари ёрдамида душман тўдаларига аёвсиз зарба бериб, уларнинг куч тузилмаларини йўқ қилган.
Махсус-тактик ўқувда нафақат икки давлат армияси, шунингдек, мамлакатимиз Қуролли Кучлар тузилмалари ўртасида ҳамкорликда ҳаракатланиш кўникмаларини оширишга ҳам эътибор қаратилган.
“Таъкидлаш керакки, ҳамкорликдаги ўқув машғулоти ўзбек ва турк ҳарбийлари учун ўзаро тажриба алмашиш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, энг муҳими, ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди”, дейилади хабарда.
Махсус-тактик ўқувлар якунида машғулотларда фаол қатнашган ҳар икки мамлакат ҳарбий хизматчилари муносиб тақдирланган.
LiveБарчаси