Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида aвиақатновлар кенгайтирилади
Жамият
−
02 Июнь 2021
2711Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси Авиация маъмуриятларининг жорий йил май ойидаги келишувига мувофиқ икки давлат ўртасида янги мунтазам авиақатновлар ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд – Олмаота ва Туркистон – Тошкент мунтазам авиақатновлари йўлга қўйилган.
Самарқанд – Олмаота – Самарқанд йўналишида “Uzbekistan Airways” ва “Air Astana” авиакомпаниялари томонидан ҳафтасига 2 маротабадан қатнов амалга оширилади.
Туркистон – Тошкент – Туркистон йўналишида “Air Astana” авиакомпанияси таркибига кирувчи “Fly Arystan” авиакомпанияси томонидан ҳафтасига 2 маротаба қатнов бажарилади.
“Икки давлат ўртасида мунтазам авиақатновлар тиклангандан буён санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя қилган ҳолда “Uzbekistan Airways” ва “Air Astana” авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан Тошкент – Олмаота йўналишида ҳафтасига 7 маротабадан, Тошкент – Нур-Султон йўналишида эса ҳафтасига 3 маротабадан мунтазам йўловчи қатновлари бажарилмоқда”, дейилади ахборотда.
Шунингдек, “Uzbekistan Airways” ва "SCAT Airlines” авиакомпанияларининг ҳар бири томонидан “Урганч – Ақтау – Урганч” (ҳафтасига 2 марта) йўналишида ҳамда “SCAT Airlines” авиакомпанияси томонидан “Ақтау – Нукус – Ақтау” (ҳафтасига 1 марта) йўналишида мунтазам авиақатновлар амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 10 июндан Россия Ўзбекистонга парвозлар сонини кўпайтириши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси