Ўзбекистон ва Қозоғистон автомобилда йўловчи ташишни тиклаши кутилмоқда
Жамият
−
11 Февраль 2022
12706Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги эпидемиологик талабларни енгиллаштириш ва қуруқлик транспортида йўловчи ташишни қайта тиклаш кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов ва Қозоғистон Республикаси Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири ўринбосари Берик Камалиев ўртасида имзоланган ҳужжатда сўз борган.
Кеча, 10 февраль куни Тошкентда транспорт масалалари бўйича Ўзбекистон – Қозоғистон ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтган.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов ҳамда Қозоғистон Республикаси Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазири ўринбосари Берик Камалиев раҳбарлигида ўтган музокараларда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳамда юк ташиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилган.
Учрашувда томонлар эпидемиологик талабларни енгиллаштириш ва қуруқлик транспортида йўловчи ташишни қайта тиклаш жараёнларини тезлаштириш муҳимлигини тасдиқлашган.
Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан автомобиль ва темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорликдаги Туркистон – Чимкент – Тошкент тезюрар темир йўли ҳамда “Учқудуқ – Қизилўрда” транспорт йўлаги инфратузилма лойиҳалари кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳаво ҳудудлари бўйлаб ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатишда янги маршрутлар (ҳаво трассалари) жорий этиш масаласи муҳокама қилинган.
Ушбу янги маршрутлар жорий қилиш орқали ҳаво кемаларининг парвоз вақтини сезиларли даражада қисқартирилишига эришилади, бу эса ўз навбатида глобал экологик вазиятга, ёқилғи тежамкорлигига ижобий таъсир кўрсатиб ва минтақага қўшимча фойдаланувчиларни жалб қилади.
Учрашув якунида эришилган келишувлар бўйича тегишли баённома имзоланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь