Ўзбекистон “Толибон” ҳукуматини тан олиш бўйича таклиф билан чиқди

Жамият

image

Ўзбекистон Афғонистоннинг “Толибон” томонидан тузилган муваққат ҳукуматини халқаро миқёсда тан олишнинг механизм ва мезонларини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу таклифни Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов жорий йилнинг 30-31 март кунлари Хитойнинг Хуаншань шаҳрида Афғонистонга қўшни давлатларининг учинчи Вазирлар конференциясида билдирди

Конференцияда Россия, Хитой, Эрон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари аъзолари ва ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.

Конференция доирасида Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Афғонистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий бошчилигидаги Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Индонезия ва Қатар Ташқи ишлар вазирлари меҳмон сифатида қатнашди.

Конференцияда сўзга чиққан Сардор Умурзоқов Афғонистонга мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, миллий иқтисодиётни қайта жонлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш ва мамлакат ҳаётини нормаллаштиришда кўмаклашишга қаратилган минтақавий ҳамкорликни мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Афғонистон муваққат ҳукуматини халқаро миқёсда тан олишнинг механизми ва мезонларини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Ушбу чоралар мамлакатнинг минтақавий макон ва халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувини тезлаштириш имконини бериши таъкидланди.

Шунингдек, у Ўзбекистон томони минтақа давлатлари, ҳамкор мамлакатлар ва Афғонистон билан барча устувор йўналишларда, жумладан, иқтисодий жиҳатдан тиклашни тезлаштириш ва афғон халқининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга содиқлигини билдирди.

Анжуман якунида тарафларнинг қўшма баёноти ва Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан тиклашни қўллаб-қувватлаш бўйича “Туньси ташаббуси” қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, конференция доирасида Умурзоқов Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. У Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари билан бўлиб ўтган учрашувда Украинадаги махсус ҳарбий операция, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

267

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг