Ўзбекистон ТИВ фуқароларга хорижга чиқмасликни тавсия қилди
Олам
−
02 Март 4555 2 дақиқа
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга Яқин Шарқ йўналишида режалаштирилган зиёрат, тижорат, дам олиш ҳамда бошқа турдаги хорижий ташрифларни вазият барқарорлашгунига қадар вақтинча кечиктириб туриш тавсия қилди.
Вазирликка кўра, Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда айрим давлатлар томонидан ҳаво ҳудудидан фойдаланишга жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабаб халқаро авиақатновлар ҳаракатида ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Бу эса рейсларнинг бекор қилиниши ёки кечиктирилиши, транзит йўналишларининг ёпилиши ҳамда бошқа ташкилий муаммоларга олиб келиши мумкин.
“Шу муносабат билан фуқароларга хавфсизликни таъминлаш ҳамда ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Яқин Шарқ йўналишидаги зиёрат, тижорат, дам олиш ва бошқа хорижий сафарларни вазият барқарорлашгунига қадар вақтинча кечиктириб туриш тавсия этилади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, чет элда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига вазиятга нисбатан эҳтиёткор ва ҳушёр бўлиш, гавжум жойларга бормаслик, маҳаллий қонун-қоидаларга қатъий риоя қилиш ҳамда Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан доимий алоқада бўлиб туриш тавсия қилинган.
Фуқаролардан хорижга сафарларни режалаштиришда расмий манбаларда эълон қилинаётган янгиликларни мунтазам кузатиб бориш сўралган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яқин Шарқ минтақасида юзага келган вазиятнинг кескинлашуви ҳамда ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабабли қатор авиақатновлар бекор қилинганди. Масалан, 2 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан режалаштирилган Тошкент–Жидда йўналишидаги навбатдаги умра зиёратчилари рейси ҳам маълум муддатга қолдирилди.
Live
Барчаси