“Ўзбекистон темир йўллари” метро қурилишида салкам 900 млн “еб юборилиши”га изоҳ берди
Жамият
−
07 Июль 2021
25300Аввалроқ Тошкент ҳалқа йўли ерусти метрополитени қурилишида 899 миллион сўм талон-торож қилингани ҳақида хабар берилганди. “Ўзбекистон темир йўллари” ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Унга кўра, 11 километрлик “Дўстлик-2” – “Қўйлик” йўналишидаги қурилиш ишлари 2019 йилда бошланиб, 2020 йилнинг март ойида якунланган. Бироқ, коронавирус инфекцияси тарқалиши туфайли карантин чоралари кучайтирилгани сабаб ушбу метрополитен очилиш муддати номаълум санага қолдирилган. Қурилишда иштирок этган барча ишчилар карантин чоралари юмшатилгунга қадар ўзларини изоляция қилган.
Қайд этилишича, 2020 йил 3 июль куни ишлар қайта бошлангач, "1-сонли Энергомонтаж поезди" унитар корхонасида кабель маҳсулотлари йўқлиги аниқланган. Шундан сўнг, масъул шахслар транспорт прокуратурасига ариза топширган.
Ариза топширилгандан сўнг, дастлабки тергов жараёнлари бошланган. Унга кўра, умумий қиймати 899,1 миллион сўмлик кабель маҳсулотлари номаълум шахслар томонидан ўғирлангани аниқланган.
Олиб борилган тергов натижаларига кўра, айбдор шахслар ҳамда йўқолган моддий товар топилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноятчилар жиноий жавобгарликка тортилган. Етказилган зарар тўлиқ қопланган.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси томонидан тергов жараёнлари давом этяпти.
Диёра Абдураҳмонова
LiveБарчаси