Ўзбекистон спортида тўнтариш! Кимлар келиб, кимлар кетди?

Спорт

image

Миллий олимпия қўмитаси президенти ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти лавозимида ишлаган Умид Аҳмаджоновнинг курсиси бўшагандан кейин айнан у ташкилотга олиб келган бир қатор шахслар лавозимидан кетди.
Жумладан, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб борган машҳур шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов ўз хохишига кўра, ишдан бўшаган. Шунингдек, футбол жамоатчилигига “агент” ва журналист сифатида танилган Санъат Шарипов ҳам Ўзбекистон футбол ассоциациясидан кетганлигини маълум қилди.
“Бугун ЎФАдаги фаолиятимни ўз ҳохишим билан якунладим ва кетишга қарор қилдим. Масштабларимиз ҳар-хил экан. Шу ташкилотда бир йил ишлаш насиб этди. 


Баҳонада ўзбек футболини ичидан билиб олдим. Пулга сотиб олиб бўлмайдиган тажрибага эга бўлдим. Ана шу муддат ичида мен билан бирга ишлаганларга миннатдорлик билдираман. ЎФАнинг янги раҳбариятига эса, омад тилайман. Янги чўққиларни забт этиш насиб этсин. Миллий терма жамоамизни ЖЧга, Олимпия терма жамоасини эса, Токио-2020га чиқишини чин дилдан тилаб қоламан. Яхши ва ёмон гаплар учун рози бўласизлар”, дея ёзади Санъат Шарипов.
Санъат Шарипов Ўзбекистон футбол ассоциациясида 2018 йилнинг 30 июль кунидан бери маслаҳатчи сифатида фаолият юритиб келар эди.
Sport телеканалидаги шарҳловчи касбини барчасидан устун қўйишини айтган Хайрулла Ҳамидов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси алмашгач, лавозимдан кетган. Ҳамидовнинг айтишича, айни вақтда унга ЎФАда ишлаш таклифи тушган. Шарҳловчи Qalampir.uz мухбирининг “ЎФА таклифини қабул қиласизми?” мавзусидаги саволни жавобсиз қолдирди.


Хайрулла Ҳамидов Sport телеканалидан ташқари, “Маъданият ва маърифат” телеканаллари, “Орият Доно” радиосида бошловчи сифатида ҳам фаолият юритиб келади.
Ўз вақтида ЎФА ва ПФЛни танқидий мақолалари билан тинч қўймаган журналист Диёр Имомхўжаев Бош директорнинг спорт ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаяпти. У ПФЛдан Омон Ғофуров кетгач лавозимда қолган ягона ходимлардан бири ҳисобланади.


Жорий йилнинг 9 июль куни таниқли шархловчилардан бири Даврон Файзиев ЎФА матбуот ва медиа департаментига раҳбарлик қилиши ойдинлашган эди.
ЎФАда раҳбар алмашгач, шунингдек, бир қатор футболчилар ҳам ассоциацияда иш бошлади. Гап яқинда футболчилик фаолиятини якунлаган Азизбек Ҳайдаров ҳамда Ўзбекистон терма жамоасига Умид Аҳмаджонов даврида вақтинча мураббий бўлган Тимур Кападзе ҳақида кетмоқда. Азизбек Ҳайдаров ЎФА терма жамоалар бўлимида иш бошлади, Тимур Кападзе эса ЎФАнинг селекция ишлари билан шуғулланади. Кападзе бундан ташқари, “Пахтакор” ёшлар клубида бош мураббий бўлиб ҳам ишлайди.


Маълумки, 15 июль куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари Конференциясида ЎФА президенти, Вице-президентлар ва Ижроия қўмитаси аъзолари сайланди.
Яъни, таниқли футбол ҳаками Равшан Эрматов Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Биринчи вице-президенти лавозимига сайланди. Ўзбекистон футбол Ассоциацияси вице-президенти лавозимида Муҳиддин Жўраев ишлайдиган бўлди. Залдаги сайловчилар ДХХ раҳбари Абдусалом Азимовни ЎФА президентлиги лавозимига сайлашгани эса ўзбек футбол жамоатчилигида катта шов-шув бўлишига сабаб бўлди. 
Энди Азимов ва Эрматов ЎФАдаги ходимларни “сортировка” қилишмоқда. Чунки биз ўз манбаларимиз орқали билган ўзгаришларни юқорида қайд этиб ўтдик. ЎФА эълон қилмаган ва эълон қилишни режалаштирмаётган ўзгаришлар қанча экан? Нега ЎФА Матбуот хизмати ходимларнинг тайинловини оммага тарқатяпти-ю, лекин ишдан бўшатилгани, “ўз ҳохишига кўра ариза” ёзиб кетаётганини камдан-кам эълон қилади. ДХХ раҳбари Абдусалом Азимов коррупция ботқоғидан олиб чиқишни ният қилган футболни бошқарадиган ассоциациянинг сўз эркинлиги ҳукм сураётган мамлакатда ҳали-ҳамон сирли иш тутиши қанчалик мантиққа тўғри келади?

2019 йилнинг 15 май куни Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Рустам Шоабдураҳмонов Миллий олимпия қўмитасига раҳбар бўлгандан сўнг, қўмита сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида асосан спортчилар номига ёзилган қуруқ табрикномаларни ўқиш мумкин. Тўғри, Миллий олимпия қўмитасида ҳам жиддий ўзгаришлар содир бўлди. Улардан энг асосийси: Умид Аҳмаджоновнинг “ишонганларидан” бири Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби лавозимида ишлаб келган Жасур Матчонов ўз ҳохишига кўра лавозимини тарк этди.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

95

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг