Ўзбекистон шаҳарларида транспорт тезлигини пасайтириш таклиф қилинди
Жамият
−
13 Май 2021
23485Ўзбекистон шаҳарларида автотранспорт воситалари ҳаракатининг максимал тезлигини 50 км/соат, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар яқинида эса 30 км/соатгача чеклаш таклиф этилди. Бу ҳақда “Mening fikrim” Жамоавий мурожаатлар порталига жойланган мурожаат матнида сўз боради.
Мурожаат муаллифи йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритиш орқали шаҳарларда рухсат этилган максимал тезликни 50 км/соат, ижтимоий аҳамиятга эга объектлар (мактаблар, болалар боғчалари, шифохоналар ва бошқалар) яқинида 30 км/соатгача чеклашни таклиф қилган.
Муаллифнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га таяниб ёзишича, автомобиль соатига 30 километр тезликда ҳимоясиз (ҳимояланмаган) йўл иштирокчисига урилганда, кўп ҳолларда пиёдалар омон қолади, автомобиль тезлиги 50 км/соатда эса уларнинг аксарияти вафот этиши мумкин.
ЖССТ пиёдалар ва транспорт воситаларининг тўқнашуви натижасида ўлимга олиб келадиган жароҳатларнинг олдини олиш эҳтимолини кўрсатадиган қуйидаги маълумотларни келтиради:
- 60 км/соатда юқори тезликда ўлим хавфи 95 фоизни ташкил қилади;
- 50 км/соат тезликда ўлим хавфи 80 фоизгача камаяди;
- 40 км/соат тезликда ўлим хавфи 38−40 фоиз бўлиши мумкин;
- 30 км/соат тезликда ўлим хавфи 10−13 фоизгача камаяди.
“Бошқарув пайтида ҳайдовчилар ҳимояланган ҳолда автотранспорт воситасида, кўпларида хавфсизлик камарлари ҳам тақилган бўлади, автоҳалокат пайтида улар ҳимоя қилинади, пиёдалар эса йўқ”, дейилади мурожаат матнида.
Муаллифнинг қайд этишича, шуни унутмаслик керакки, шаҳарда пиёдаларга қараганда транспорт воситалари анча кам. Ҳамма пиёдалар ҳам ёш ва соғлом эмас. Бундан ташқари, транспорт воситасидан чиққанда ҳайдовчилар ҳам пиёдаларга айланади ва уларнинг ҳаёти бошқалар каби таҳдидларга дучор бўлади.
Олий Мажлис палаталарига юборилган жамоавий мурожаат камида 10 мингта овозга эга бўлиши керак. Ушбу петиция бўйича овоз бериш муддати уч ой ичида якунланади. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмайди. 13 май ҳолатига кўра, ушбу петиция 781 та овоз олган.
LiveБарчаси