Ўзбекистон Россиянинг помидор ва қалампир экспортига қўйган тақиқини бекор қилишга эришмоқчи

Жамият

image

Аввалроқ, Россия Фарғона вилоятида етиштирилган помидор ва қалампирни мамлакат ҳудудига киритишни тақиқлагани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Республикасининг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мазкур тақиқлов юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Ўзбекистоннинг РФдаги элчихонаси билан биргаликда Россия Федерацияси ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (Россельхознадзор) билан мазкур масала бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.

Россия томонига кўра, Фарғона вилоятидан томатларнинг алоҳида партиясида томат мевасининг жигарранг тиришиқи вируси (Tomato brown rugose fruit virus (ToBRFV) аниқланганлиги сабабли чекловлар жорий этилган.

Шу билан бирга, ToBRFV ўсимликлар вирусининг янги штамми бўлгани учун Ўзбекистон ҳудудида илгари аниқланмаган. ЕОИИ мамлакатларида ҳам ушбу вирусга нисбатан тақиқ мавжуд эмас – Евросиё Иқтисодий комиссияси Кенгашининг 2016 йил 30 ноябрдаги №158-сонли Қарори билан тасдиқланган карантин объектларининг ягона рўйхатига ToBRFV киритилмаган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ташаббуси билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларда шу каби вируслар пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича тезкор равишда чора-тадбирлар Комплекси ишлаб чиқилмоқда.

Таъкидланишича, Россельхознадзор томонидан жорий этилган тақиқлар Ўзбекистоннинг барча ишлаб чиқарувчиларига нисбатан қўлланилмайди ва фақат Фарғона вилоятидан келтирилган маҳсулотларга тегишлидир.

Россия томони билан маслаҳатлашувлар давом этмоқда. Тақиқларни яқин вақтларда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

153

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made