Ўзбекистон Россия ерларида ўзи учун экин экишни режалаштирмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон корхоналарига Россия ҳудудида бир неча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ер ажратилиши мумкин. Жорий йилнинг 1 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин бошлиқ делегация вакиллари билан видео-музокаралар вақтида шу масалани муҳокама қилди.

“Биз ўзбек тадбиркорлари томонидан бир қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг етиштирилиши учун Россия Федерациясида ер ажратиш ва кейин ҳосилнинг Ўзбекистонга олиб кетилиши масаласи юзасидан дастлабки келишувларга эришган эдик. Бунда айнан Россияда етиштириш учун табиий тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган мойли экинлар, соя, буғдой сингарилар назарда тутилмоқда”, дея таъкидлаган вазир Хўжаев.

Қайд этилишича, жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия томонига қишлоқ хўжалаги экинлари рўйхати ва майдонларни қайта ишлаш учун талаб этиладиган дастлабки ҳисоб-китобларни юборган.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичда ўзаро алоқа ўрнатиш ва таъсир механизмларини йўлга қўйиш ҳамда амалий жиҳатдан тайёр бўлиш мақсадида ушбу лойиҳани 35 минг гектар майдонда ишга тушириш таклиф этилган. 

“Яқин йилларда ушбу майдонларни босқичма-босқич 300-500 минг гектаргача кенгайтириш, истиқболда эса 1 миллион гектаргача етказишдан манфаатдормиз. Ушбу ҳамкорликдаги қўшма лойиҳа билан менинг ўринбосарим Анвар Асомов ва бошқармалар бошлиқларидан иборат жамоа бевосита шуғулланади. Биз соҳани ривожлантириш ва икки давлат фуқароларининг фаровонлигини ошириш мақсадида янги ҳамкорлик нуқталарини топиш бўйича ишларни давом эттиришга тайёрмиз”, деган Жамшид Хўжаев

Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин ва унинг ҳамкасблари қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш учун 8-13 миллион гектар майдон мавжудлигини таъкидлаган ва Россия Федерациясининг 23 та субъекти ушбу Ўзбекистон-Россия лойиҳасини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканлигини билдирган.

Учрашув доирасида томонлар ер участкаларини ажратишга доир муайян масалаларни, жумладан ўзбекистонлик шерикларга қишлоқ хўжалиги ерларини узоқ муддатли ижарага бериш шартларини муҳокама қилганлар.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

812

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made