Ўзбекистон рецепт билан дори сотишни қайдан ўрганди?
Саломатлик
−
17 Декабрь 1839 7 дақиқа
Ўзбекистонда 12 декабрдан бошлаб дорихоналарда кўплаб дори воситалари фақат шифокор рецепти асосида берилишни бошлади. Бунда фуқаролар антибиотиклар, гормонал ва кучли таъсир этувчи ҳамда шу каби дориларни DMED тизими орқали электрон рецепт билан харид қилишлари мумкин бўляпти.
Фақат айрим енгил дори воситалари тўғридан тўғри сотилади. Хўш, бу тартиб дунёда қандай ишлайди?
Европа Иттифоқи
Европа Иттифоқида антибиотиклар ва кучли дориларни рецепт билан сотиш тизими қарийб 100 йилдан бери мавжуд. Хусусан, Германия, Франция, Италияда 1950 йиллар ўрталаридан бошлаб антибиотиклар фақат махсус рецепт билан берилади. 2001 йили ЕИда дори воситаларини “Prescription only” ва “OTC” тоифаларига ажратиш ягона стандарт сифатида мустаҳкамланди.
Prescription only – бу фақат врач рецепти билан бериладиган дори-дармонлар бўлиб, агар дори кучли таъсир қилса ёки нотўғри қабул қилинса, жиддий асорат келтириб чиқарса ёхуд дозаси индивидуал танланиши керак бўлса, бошқа дорилар билан хавфли реакцияга киришса бундай воситалар “Prescription only” ҳисобланади. Масалан, антибиотиклар, гормонал препаратлар, қон босими, юрак ва диабет дорилари, психотроп ва седатив препаратлар шулар сирасига киради. Европада бу турдаги дориларни ҳеч ким ўзбошимчалик билан сотолмайди.
OTC (Over The Counter) — рецептсиз, тўғридан тўғри сотиладиган дорилар бўлиб, таъсири енгил, хавфи паст, оддий ҳолатларда ишлатиладиган, қисқа муддат қабул қилинадиган дорилар бу туркумга киради. Масалан, Парацетамол, Ибупрофен, витаминлар, йод, перекись, шамоллашга қарши енгил препаратлар. Европада бундай дориларни врачга бормасдан харид қилиш мумкин.
Бундай стандартларни жорий этишдан асосий мақсад – одамларни ўзбошимчалик билан даволанишдан ҳимоя қилиш эканлиги айтилади. Европа иттифоқи бўйлаб 2011–2015 йилларда электрон рецепт тизими кенг жорий этилди. Бундай тартиб Европа халқлари учун меъёр, тиббий маданият даражасига кўтарилган, қора бозор шаклланмаган.
АҚШда бу тартиб қачондан бор?
1951 йил АҚШда “Durham–Humphrey Amendment” қабул қилинди ва бу рецепт билан дори ёзиш тартиби мажбурий бўлган илк ҳужжат ҳисобланади. Шу тариқа фармбизнес, фармацевтика стандартларини ўзгартириш, тиббий маданиятни тубдан яхшилаш даври бошланди. Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея шу моделни намуна қилиб олди.
Durham–Humphrey Amendment – бу қисқача қилиб тушунтирганда, АҚШда дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз сотишни қонуний равишда ажратиб берган қонун. Унга кўра, замонавий фармацевтика тизимининг ҳуқуқий асоси яратилди.
Ўша пайтдан бошлаб АҚШда врач рухсати билан бериладиган дорилар қутисида “Caution: Federal law prohibits dispensing without prescription” (Огоҳлантириш: федерал қонун рецептисиз берилишини тақиқлайди) ёзуви бўлиши мажбурий қилинди.
Умуман, 1940 1950 йилларга келиб антибиотиклар (айниқса пенициллин) кенг тарқалди, кучли таъсир қилувчи дорилар сони кескин ошди, одамлар мустақил равишда даволаниб оғир асоратларга дуч кела бошлади. Мазкур қонун қонун илк бор расман рецептсиз ва рецепт билан бериладиган дорилар номини аниқ ажратиб берди. Бугун бутун дунё ишлатаётган Prescription / OTC тизими айнан шу қонундан бошланган.
Бугунги кунда ҳам АҚШ энг қатъий рецепт тизимига эга давлат ҳисобланади. Ўтган вақт давомида дори-дармонлар учун рецепт ёзиш стандартлари янада қатъийлашган бўлиб, дори воситасининг самарадорлиги асосий мезон сифатида белгиланган, яъни дорининг инсон саломатлиги учун хавфсиз эканлиги етарли эмас, у касалликни даволашда самара келтириши керак.
Ўзбекистон ҳам аҳоли орасида тиббий маданиятни яхшилаш ва тартибсиз ривожланаётган фармбизнес тармоғини тартибга солиш жараёнини, кеч бўлса-да, бошлаганини ижобий баҳолаш мумкин.
Япония ва Жанубий Корея тажрибаси
Япония ва Жанубий Корея Осиёда соғлиқни сақлаш тизими энг тартибга солинган давлатлар қаторига киради. Икки мамлакатда ҳам дори воситаларини сотиш қатъий қонунчилик, аниқ тоифалаш ва шифокор-фармацевт вазифаларининг ажратилганига асосланган.
Японияда шифокор ва фармацевт функциялари қатъий ажратилган. Уларда ҳолининг тиббий маданияти юқори бўлиб, рухсатисиз даволаниш деярли учрамайди.
Японияда 1960 йилларда фармацевтика бозори ва дори-дармонларни сотиш тартиби қонунан АҚШ стандартлари асосида белгланди. Кунчиқар юртда 2014 йилга келиб бу борадаги қонунчилик ва амалиёт жиддий равишда қайта кўриб чиқилди. Бу қонун дори ишлаб чиқариш, клиник синов, сотиш, реклама босқичларни қамраб олиши билан алоҳида аҳамиятлидир. Японияда дори рекламаси тўлиқ тақиқланмаган, лекин у жуда қаттиқ чекланган ва қатъий қоидаларга асосланган.
Японияда дорилар 4 тоифага бўлинган:
- Фақат врач рецепти билан сотиладиган дорилар: антибиотиклар, гормонал препаратлар, юрак-қон томир, диабет дорилари, психотроп воситалар. Бу дориларни рецептсиз сотиш жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
- чекланган дори-дармонлар бўлиб, бундай дорилар фақат лицензияли фармацевт маслаҳати билан сотилади.
- қисман чекланган турдаги дори-дармонлар бўлиб, фармацевт ёки махсус тайёргарликдан ўтган ходим орқали сотилади
- чекловсиз сотиладиган дорилар. Бундай турдаги воситалар эркин сотилади, масалан, витаминлар.
Жанубий Кореяда 2000 йилда мазкур соҳада катта ислоҳот ўтказилган. Ўша вақтдаги тартибга кўра, шифокор ўзи дори ёзиб, дорихона орқали сотиши мумкин эди. Бу – ортиқча дори ёзиш, антибиотикка қарамлик сингари муаммоларни келтириб чиқарган. Ҳозир эса шифокор фақат рецепт ёзади, фармацевт фақат сотади. Бу тизим “Рецепт ёзиш ва дори сотишни ажратиш” деб аталади. Шунингдек, рецептсиз ва рецепт билан сотиладиган дорилар туркуми қатъий ажратилган.
Россия
Россияда собиқ СССР вақтида врач рецепти билан дори сотиш тартиби белгиланган. Қисқача айтганда: СССРда рецептсиз ва рецепт билан бериладиган дорилар тамойили амалда бор эди, лекин у бозор эмас, давлат тизими асосида ишлаган, чунки у вақтда барча дорихоналар давлатники, барча врачлар – давлат хизматчилари, дори ишлаб чиқариш, тақсимот ва сотиш – марказлашган режа асосида. Шу сабабли, дори тижорат маҳсулоти эмас, балки ижтимоий тиббий ресурс ҳисобланган. Шу жойини эслаб қолинг. Бу тизим қандай қилиб барбод бўлгани, ўзини оқламагани ҳам айнан мана шу омилга асосланади.
Қуйида буни тушунтираман. СССРда рецептсиз дори сотиш мумкин эди, фақат чекланган дори-дармонларни. Давлатда дорилар уч тоифага бўлинган:
- Рецепт билан бериладиган дорилар. Булар: антибиотиклар, гормонал препаратлар, юрак, қон босими учувн дорилар, психотроп ва заҳарли воситалар.
- Рецептсиз (эркин) дорилар. Булар: аспирин, анальгин, валидол, йод, зеленка, витаминлар.
- Қатъий ҳисобдаги дорилар. Булар: наркотик, психотроп воситалар, морфин, кодеин кабилар. Бундай воситалар махсус журналлар, муҳрлар ва ҳисоб-китоб орқали бериларди.
СССРда шифокор фақат рецепт ёзарди, дорини сотолмасди, дорихона дорини “маслаҳат билан тавсия” қилмасди. Бу тизим ўз вақтида яхши ишглаган. Сабаби врачга мурожаат бепул эди, тиббий хизмат оммавий ва ҳудудий яқин, дори нархи арзон ва субсидияланган, фармацевтнинг тижорат манфаати йўқ эди.
Шу боис, аҳоли дори олиш учун: “Аввал шифокор, кейин дорихона”, деган занжирга одатланган. У пайтларда дори рекламаси тақиқланган.
Шу билан бирга, муаммолар ҳам бор эди. Адолат учун айтиш керак: айрим дорилар етишмасди, “таниш-билиш” орқали олиш ҳолатлари бўлган, асосийси, дори танлови чекланган эди.
Бу давлат парчалангач, 1990 йилларда соҳада давлат монополияси йўқолди, хусусий дорихоналар пайдо бўлди, назорат заифлашди, рецепт талаб қилиш амалда сустлашди.
Шу боис, постсовет давлатларида антибиотиклар эркин сотилиб, ўзбошимчалик билан даволаниш авж олди. Бугунги ислоҳотлар моҳиятан СССР моделига қайтиш эмас, балки жаҳон стандарти ва бозор шароитини уйғунлаштиришга уриниш.
Россиянинг ўзида эса бу борада дугун ҳам муаммолар етарлича. 2017 йилда Росздравнадзор антибиотикларни рецептисиз сотишга қарши кенг кўламли текширувларни бошлади. Лекин ишлар ўлда-жўлда қолиб кетди, шу боис бугун Россияда ерда қонун бор, ижроси заиф. Аптекалардан рецептсиз бемалол дори харид қилиш мумкин.
Қўшниларда вазият қандай?
Қозоғистонда 2020 йил COVID-19 пандемиясидан сўнг, антибиотикларни рецептсиз сотиш қатъий тақиқланди. 2021 йилга келиб назорат кучайтирилди, электрон рецепт тизими қатъийлашди. Пандемия Қозоғистонда ислоҳотни тезлаштирган омил бўлди. Бугунги кунда рецептсиз ва рецепт билан сотиладиган дорилар рўйхати мавжуд, бироқ бозор тўлиқ тартибга солинмаган.
Бу борада Туркманистон собиқ иттифоқ моделини бутунлай йўқотмай, ривожлантириб, тартибни нисбатан сақлаб қолган, дейиш мумкин. Туркманистонда дорихоналарнинг катта қисми давлат назоратида, марказлашган тарзда бошқарилади. Амалда антибиотикларни ҳам рецептсиз олиш жуда қийин. Туркманистонда хусусий дорихоналар чекланган, назорат кучли, дори рекламаси деярли йўқ. Дори-дармон танқислиги, асосий ассортиментнинг чекланганлиги эса бошқа масала. Бундай муаммо бизда ҳам бор.
Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам рецепт билан дори сотишни қатъийлаштириш тартиби босқичма-босқич ривожлантириляпти.
Live
Барчаси