Ўзбекистон пандемияга Қозоғистондан кўра яхшироқ тайёрланган – “Forbes”
Олам
−
05 Апрель 2021
6504Коронавирус инфекцияси инсон саломатлиги учун жиддий таҳдидлар келтириб чиқарди. Марказий Осиё минтақасида етакчиликка даъво қилаётган икки давлат – Ўзбекистон ва Қозоғистон пандемияга бир хил даражада тайёрланмагани маълум бўлди. Бу ҳақда “Forbes” нашри ёзмоқда.
Пандемия бошланганидан бери жорий йилнинг 28 мартига қадар Қозоғистонда 292,3 минг киши касалликни юқтирган.
Қайд этилишича, пандемия Қозоғистонда ҳам, дунёда ҳам соғлиқни сақлаш соҳасидаги барча муаммоларни очиб берди. Хусусан, ушбу соҳани молиялаштириш масалалари биринчи ўринга чиқди.
Ўтган йилда Қозоғистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларнинг асосий капиталига 2019 йилга нисбатан 2,2 баравар кўп, яъни, 305,1 млрд тенге инвестиция киритган.
Пандемиядан олдинги йилларда (2016–2019) Қозоғистонда соғлиқни сақлашга киритилган инвестициялар улуши деярли бир хил даражада сақланиб қолган бўлса, Ўзбекистонда бироз ўсиш кузатилган.
Қозоғистонда ўлим даражаси ҳам Ўзбекистонга қараганда анча ёмонроқ ҳолатда. 2020 йил январь-декабрь ойларида мамлакатда 162,6 минг киши вафот этган, бу ўтган йилга нисбатан бирданига 22,1 фоизга кўпдир.
Шу даврда аҳолиси Қозоғистонга нисбатан 1,8 баравар кўп бўлган Ўзбекистонда 175,6 минг киши вафот этган, йиллик ўсиш 15,5 фоизни ташкил қилган.
Қозоғистонда ўлим коэффициенти 1000 кишига 8,6 бўлса, Ўзбекистонда - 5,1.
Мамлакатларнинг пандемияга тайёрлиги тўғрисида гапирганда, шуни таъкидлаш керакки, соғлиқни сақлаш хавфсизлигининг глобал рейтингида Ўзбекистон пандемия ва унинг юмшатилишига қарши тезкор чоралар кўришга кўпроқ тайёр бўлиб, 195 давлат орасида 138-ўринни эгаллаган. Қозоғистон эса бу борада қўшнисига ютқазиб, 143-ўринни банд қилган.
Ўтган йили пандемия эълон қилингандан сўнг Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам тиббиёт ходимларини рағбатлантириш чораларини кўрди.
Ўзбекистон Президенти пандемия даврида коронавирусга чалинган беморлар билан алоқада бўлган ва касалланганлар даволанган муассасаларда фаолият олиб борган шифокорларга ҳар ойда 2,7 минг АҚШ доллари миқдорида, ҳамширалар ва лаборантларга 1,6 минг доллар, санитария ходимларига 1,1 минг доллар, бошқа ходимларга 530 доллардан тўлашга ваъда берди.
Шу билан бирга, Қозоғистон Республикаси Бош вазири тиббиёт ходимлари учун 3 ой ичида 1,9 минг доллар, 947,5 доллар, 473,7 доллар миқдорида - хавф зоналарида ишлашига қараб бонуслар эълон қилди.
Бундан ташқари, Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан шифокорларга устамалар тўлашда миллионлаб долларлик қонунбузарликлар аниқланган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 83 802 нафарни ташкил этмоқда.
Қозоғистонда айни пайтга қадар 306 мингдан кўп киши коронавирус юқтирган. 3 242 нафар бемор вафот этган.
LiveБарчаси