Темур Кападзе. Ўзбекистон Олимпиадага тайёрми?
Интервью
−
08 Май
12733Қатар яшил майдонлари мезбонлик қилган, ўзбек футболи ихлосмандлари учун анча ҳаяжонли бўлган U-23 Осиё кубоги Ўзбекистон учун умумий фонда ижобий тарзда якунланди. Бош мураббий Темур Кападзе шогирдлари гарчи турнир олдидан бир қатор кадрлар билан боғлиқ муаммоларга учраганига қарамай, якунда керакли натижани қайд этиб, ўзбек спорти тарихида биринчи марта жамоавий спорт турлари бўйича Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.
Осиё кубоги финалида “оқ бўрилар” Японияга кичик ҳисобда имкониятни бой берган бўлса ҳам, якунда футболчилар максимал вазифани уддалади. Энди навбат Олимпиада ўйинларига. Спорт жамоатчилиги Кападзе шогирдларидан Париждаги баҳсларда ҳам ижобий натижа кутмоқда, чуни мазкур таркибга бежизга ўзбек футболининг олтин авлоди сифатида қаралмаяпти.
Ҳар бир позицияда яхши номларнинг борлиги, Кападзенинг ўйинга бўлган ёндошуви ва жамоадаги аҳил муҳит ҳар бир мухлис қалбидаги умидворлик ҳиссини янада кучайтиради.
QALAMPIR.UZ бу гал йирик турнир олдидан U-23 терма жамоа устози Темур Кападзега микрофон тутди ва Олимпия жамоасининг Осиё кубогидаги иштирокини таҳлил қилди.
Кападзега кўра, турнир стартига қадар легионер футболчиларнинг таркибга келиб қўшилиши билан боғлиқ муаммо бўлган, бироқ кеч бўлса ҳам Аббосбек Файзуллаев ва Абдуқодир Ҳусанов каби футболчиларнинг таркибга қўшилиши ўзбекистонлик футболчиларнинг якунда Олимпиада лицензиясига эга чиқишида бош омиллардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, Темур Кападзе бўлажак Олимпия ўйинларида қайси ёши катта футболчиларнинг хизматидан фойдаланиши ва гуруҳдаги рақибларнинг имкониятлари билан боғлиқ саволларга жавоб қайтарди.
Маълум бўлишича, катта эҳтимол билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Италиянинг “Кальяри” клуби сардори Элдор Шомуродов Парижда укаларига ёрдам бериб, жамоанинг ижобий натижага эришиши йўлида ўз ҳиссасини қўшади.
Интервью давомида Кападзе Умарали Раҳмоналиев ва Жасурбек Жалолиддинов каби футболчиларнинг келгуси фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, мутахассис ҳозиргача ўзбек футболини қийнаб келган муаммолар, 33 йил давомида ўзбек футболи Олимпиадага чиқиш йўлида қандай муаммоларга дуч келгани ва Суперлигидаги кураш ҳақида фикрларини билдириб ўтди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Олимпиада ўйинларига тахминан бир ҳафтача вақт қолганида Парижга етиб бориши кутилмоқда. Жамоа турнирдаги иштирокини 24 июль куни Испанияга қарши ўйин билан бошлайди.
LiveБарчаси